Ўзбекистон президентининг «Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Унга кўра, 2021 йил 6 декабрь куни Нур-Султон шаҳрида имзоланган Ўзбекистон ҳукумати билан Қозоғистон ҳукумати ўртасида энергия ресурсларини ўзбек-қозоқ божхона чегарасидан қувур транспортида ва электр узатиш линиялари орқали олиб ўтишни биргаликда божхона назоратидан ўтказиш тўғрисида битимни тасдиқлаш кўзда тутилган.

Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси ушбу халқаро шартномани амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли орган этиб белгиланади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон томонидан мазкур халқаро шартноманинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички тартиб-таомиллари бажарилганлиги тўғрисидаги тегишли билдиришномани Қозоғистон томонига юборади.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ушбу халқаро шартнома кучга киргандан кейин Ўзбекистоннинг мажбуриятлари бажарилиши устидан ўрнатилган тартибда назоратни таъминлайди.

Қарорнинг ижросини назорат қилиш бош вазир Абдулла Арипов зиммасига юкланади.

Қарор лойиҳаси муҳокамалари 22 февралга қадар давом этади.