Путин ва Макрон учрашуви якунлари бўйича энг муҳим янгиликлар

Россия ва Франция президентлари музокаралар чоғида Украинадаги вазиятни юмшатишга келишиб олдилар, деб хабар берди Financial Times ўз манбаларига таяниб. Унга кўра, Путин 10−20 феврал кунлари бўлиб ўтадиган Россия-Беларусь қўшма машғулотларидан сўнг Беларусдан 30 минггача ҳарбийни олиб чиқишга ваъда берган.

Россия президенти, шунингдек, ҳеч қандай янги «ҳарбий ташаббус» билан чиқмаслигини айтган ва Россия қўшинларини жойлаштириш бўйича «мулоқот олиб боришга» рози бўлган.

Владимир Путин:

  • Россия хавфсизлик масалаларида муроса топиш учун ҳамма нарсани қилади. НАТО ва АҚШга юборилган таклифларда амалга ошириб бўлмайдиган бирон бир нуқта йўқ. Россия НАТО ва Қўшма Штатлардан хавфсизликни таъминлаш ташаббусининг асосий нуқталарига жавоб кутишда давом этади.
  • НАТОнинг 2019 йилги хавфсизлик стратегиясида Россия Федерацияси рақиб дея аталган. Агар Украина НАТОга кирса ва Қримни ҳарбий йўл билан қайтаришга ҳаракат қилса, бу Ғарб давлатлари билан урушга олиб келади, унда ғолиблар бўлмайди.
  • Россия Украинанинг собиқ президенти Пётр Порошенкога гуманитар сабабларга кўра сиёсий бошпана беришга тайёр. [Пётр Порошенко бу таклифга аллақачон «Биз буни Украинада ўзимиз ҳал қиламиз», дея жавоб берган.]
  • Россия НАТОнинг шарқда янги аъзолар билан кенгайишига қатъиян қарши. Россиянинг тажовузкорлиги ҳақидаги баёнотлар «соғлом мантиққа тўғри келмайди», чунки «биз НАТО томон эмас, балки НАТО биз томон ҳаракат қилмоқда».
  • Киев ҳукумати Минск келишувларини демонтаж қилишга киришди. Аммо Минск келишувларига муқобил йўл йўқ, уни амалга ошириш керак, бошқа йўл йўқ.

Эммануел Макрон:

  • Владимир Путин мени Беларусдаги ядровий қурол масаласида ишонтирди.
  • Украина билан чегарада 125 минг рус аскари жамланган. Владимир Зеленский бундан хавотирда. Минск келишувлари имзоланганда чегарада бундай ҳаракатлар йўқ эди — Коммерсантъ.

Россия ҳали расман келишув тузилганини тасдиқламаган. Президент матбуот котиби Дмитрий Песков Путин ва Макрон Париж таклифлари бўйича «мулоқотни давом эттиришга тайёр"лигини айтди, бу таклифлар нима эканлигини очиқламади. «Бу масалаларнинг барчаси Франциянинг Европа Иттифоқи ва НАТОдаги иттифоқчилари, биринчи навбатда АҚШнинг розилигини талаб қилади. Бошқа нарса ҳақида гапиришга ҳали эрта», — дея қўшимча қилди Песков.


Франция Украинага 1,2 млрд евро ажратади

Киевда Владимир Зеленский ва Эммануел Макрон ўртасидаги музокаралар якунига етди. Унга кўра, Франция Украинага иқтисодиётни барқарорлаштириш учун 1,2 млрд евро миқдорида молиявий ёрдам беради.

Аввалроқ, Украина Ғарбдан 1,5 млрд доллар ёрдам олгани ҳақида маълум қилинганди.

Ғарб давлатлари Украинага Россия гўёки тайёрлаётган «босқин"и фонида унга қўшимча ёрдам ажратишни бошлади. Кеча, 7 февраль куни АҚШ Давлат департаменти раҳбари Энтони Блинкен АҚШ аллақачон мамлакатга 650 млн доллар ажратганини айтди.

Макрон Украинага Москвада Россия президенти Владимир Путин билан учрашувдан сўнг келди. Уларнинг музокаралари олти соат давом этди. Франция президенти украиналик ҳамкасби билан музокаралар чоғида Минск келишувларини муҳокама қилмоқчи эканини айтди. Киевдаги матбуот анжуманида у Владимир Зеленский Минск келишувларини бажаришга тайёрлигини тасдиқлаганини айтди — Коммерсантъ.


Хитойлик олимлар COVID-19`ни тўрт дақиқадан камроқ вақт ичида аниқлаш йўлини топди

Nature Biomedical Engineering илмий журналида чоп этилган мақолага кўра, Шанхайдаги Фудан университети олимлари гуруҳи COVID-19 ни ПЗР-тести аниқлигида тўрт дақиқадан камроқ вақт ичида аниқлай оладиган қурилма яратди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.

«Биз SARS-CoV-2`ни аниқлаш учун электромеханик биосенсорни жорий қилдик ва у тўрт дақиқадан камроқ вақт ичида вирусни аниқлашини кўрсатди», — деб ёзади мақола муаллифлари.

Янги қурилма микроэлектроника билан бирлашганда механик, кимёвий, биологик ёки бошқа сенсорли жавобларни электр сигналларига айлантира оладиган микроскопик механик компонентлардан фойдаланади, дейди тадқиқотчилар. Қурилма компьютер ёки смартфонга уланиши мумкин.


АҚШ Кобул аэропорти теракт ташкилотчилари ҳақидаги маълумотлар учун 10 млн доллар мукофот элон қилди

АҚШ Кобул аэропортидаги терактга жавобгар ИШИД ташкилоти етакчисини қаердалигини аниқлаш имконини берадиган маълумот учун 10 млн доллар миқдорида мукофот эълон қилди, деб хабар беради Reuters.

Мукофот АҚШ Давлат департаменти Дипломатик хавфсизлик хизматининг терроризмга қарши курашни рағбатлантириш дастури доирасида эълон қилинган. Хизмат вакиллари Кобул аэропортига ҳужумни ташкиллаштиришга Санауллоҳ Гафари исмли эркакни масъул дея ҳисоблаётгани айтилди.

Агентлик маълумотларига кўра, Гафари ИШИДнинг бир бўлаги бўлган «Вилояти Хуросон» етакчиси ҳисобланади. Мазкур ташкилот террорчилари Ғарб томонидан қўллаб-қувватланган Афғонистон ҳукумати ва «Толибон»га қарши жанг қилган.

АҚШ Давлат департаменти маълумотларига кўра, Гафари 2020 йилнинг июнида экстремистик гуруҳ томонидан ИШИДга раҳбарлик қилиш учун тайинланган. У Афғонистон ҳудудидаги барча операцияларни тасдиқлашга ва операциялар ўтказилишини молиялаштиришга масъул бўлган. Ноябрь ойида Давлат департаменти Гафарини алоҳида аҳамиятга эга глобал террорчилар рўйхатига киритган.


Нигериянинг шимолий қисмида бандитлар 13 кишини ўлдирди

Нигерия шимолида бандитларнинг ҳужуми оқибатида камида 13 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Нигерия газетасига таяниб ТАСС хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, бир гуруҳ қуролланган шахслар Кацина штати жанубида, Кадуна штати билан чегарадош Гуга, Гидан Канава ва Дукава маҳаллаларига ҳужум қилган. 13 нафар маҳаллий аҳоли бандитлар томонидан ўлдирилди, кўпчилик, шу жумладан қишлоқлардан бирининг бошлиғи асирга олинди.

Нигерияда сўнгги йилларда тинч аҳолига тўда ҳужумлари сони сезиларли даражада ошди. Жиноятчилар одамларни ўлдиради, тўлов учун гаровга олади, чорва молларини ўғирлайди, аҳолини қўрқитади, уларга турли талаблар қўяди. Ҳукумат кенг тарқалган жиноятларга қарши курашиш учун махсус полиция бўлинмалари ва армия бўлинмаларидан фойдаланишга мажбур бўлмоқда.


Эстония Латвия билан ҳамкорликда ҳарбий техника харид қилади

Эстония мудофаа инвестициялари Маркази Латвия Мудофаа вазирлиги билан биргаликда 693 млн евролик 16 хил турдаги ҳарбий техника сотиб олмоқчи, бу Эстония тарихидаги энг йирик мудофаа хариди бўлади, дея хабар берди ТАСС нашри.

«Қўшма харидлар, шубҳасиз, музокаралар учун анча яхши позицияни таъминлайди ҳамда [ускуналар] бирлиги учун яхшироқ шартлар ва нархларни таъминлайди», — дейилади Эстония мудофаа инвестициялари Маркази баёнотида.

Марказнинг транспорт бўлими бошлиғи Томас Калданинг сўзларига кўра, тендер доирасида келгуси ўн йил ичида кўп сонли 16 турдаги техникаларни етказиб берадиган шерик топиш режалаштирилган. Ушбу техникалар Эстония мудофаа кучлари, полиция ва чегара қўшинлари, шунингдек, Латвия Мудофаа вазирлигига бўйсунадиган муассасаларнинг эҳтиёжлари учун мўлжалланган.

Хариднинг бир қисми сифатида ҳам янги, ҳам ишлатилган ускуналар сотиб олинади. Харид икки босқичда амалга оширилади: биринчи босқичда юк кўтариш қуввати беш тоннагача бўлган автомобиллар, кейин эса кенгроқ жиҳозлар харид қилинади, дейилади хабарда. Эстония учун бу харид тарихдаги энг йирик харид бўлади.