Путин ва Макрон Кремлда музокараларни бошлади

Россия президенти Владимир Путин ва унинг француз ҳамкасби Эммануэл Макрон Москвада музокара бошлади. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.

Россия давлат раҳбарининг сўзларига кўра, томонлар шахсий учрашув форматида муҳокама қилиниши керак бўлган кўплаб масалаларни жамлаган. Унинг таъкидлашича, ўтган йилнинг 11 ойида мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 70 фоиздан ортиқ ўсди ва пандемиядан олдинги даражага етди.


Украина Ғарбдан 1,5 млрд доллар ёрдам олди

«Украинага халқаро ёрдам сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик нуқтаи назаридан ортди. Шу ҳафталар ва ойлар давомида биз 1,5 млрд доллардан ортиқ маблағ олдик, етказиб берилган қурол-яроғ ва ҳарбий техника ҳажми эса минг тоннадан ортиқ», — дея маълум қилди мамлакат ТИВ раҳбари Дмитрий Кулеба брифинг чоғида.

Украиналик дипломатнинг сўзларига кўра, хорижий делегацияларнинг Киевга ташрифи «Россияни ушлаб туришга» ёрдам беради. Унинг қайд этишича, 8 февраль куни Франция президенти Эммануэл Макрон билан учрашувда Украина расмийлари мамлакат қуролли кучларини мустаҳкамлаш масаласини муҳокама қилиш ниятида. Дипломат Киевда Германия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари билан Украинага қурол етказиб бериш масаласини ҳам муҳокама қилишни кутмоқда — Коммерсантъ.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина АҚШ, Буюк Британия ва Польшадан қўшимча ҳарбий ёрдам олган эди. Шунингдек, Киев тез орада Болтиқбўйи мамлакатлари ва Канададан ҳам қурол олади.


Европа Иттифоқи АҚШ билан энергетика хавфсизлиги бўйича ҳамкорликни йўлга қўяди

Европа Иттифоқи Қўшма Штатлар ва бошқа етказиб берувчилар билан Европага газ етказиб бериш ҳажмини ошириш бўйича музокаралар олиб бормоқда, деди Еврокомиссия (ЕК) президенти Урсула фон дер Ляйен. Брюссель Вашингтон билан энергетика хавфсизлиги соҳасида ҳамкорликни йўлга қўймоқда, дея таъкидлади ЕК вакили.

«Биз Қўшма Штатлар билан энергия хавфсизлиги бўйича ҳамкорликни қурмоқдамиз, бу биринчи навбатда суюлтирилган газ етказиб беришни кўпайтиришга қаратилган», — деди фон дер Ляйен хоним матбуот анжуманида. Бу ҳақда Коммерсантъ нашри хабар берди.


Оттавада намойишлар туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинди

Оттава 6 февраль куни шаҳар марказида давом этаётган норозилик намойишларига жавобан фавқулодда ҳолат эълон қилди, шаҳар мэри Жим Уотсон эса мамлакат пойтахтидаги вазиятни «шаҳаримиз дуч келган энг жиддий фавқулодда ҳолат» деб таърифлади. Бу ҳақда BBC хабар берди.

«Фавқулодда ҳолат режимининг эълон қилиниши давом этаётган намойишлар шаҳар аҳолисига жиддий хавф ва таҳдид туғдиришини англатади ҳамда бошқа юрисдикциялар ҳамда ҳукумат даражалари томонидан қўллаб-қувватлов кераклигини билдиради», — деди Жим Уотсон.

Шаҳар расмийларининг маълум қилишича, маҳаллий фавқулодда ҳолат Оттавага муҳим хизматларни бошқариш ва харидларни янада мослашувчан қилиш учун самаралироқ ишлаш имконини беради.

Оттава полицияси якшанба куни кечқурун етти киши ҳибсга олингани ҳақида баёнот берди. Бунгача Уотсон Оттава ҳукумати ва полицияси норозилик намойишларига боғлиқ вазиятни эндиликда назорат қилмаётганини маълум қилган эди.


Хитойнинг Байсэ шаҳрида COVID-19 туфайли локдаун жорий қилинди

7 февраль куни Хитойнинг Вьетнам билан чегарасига яқин жойлашган Байсэ шаҳри (Гуанси-Чжуан автоном вилояти) маъмурияти COVID-19 ҳолатлари муносабати билан локдаун жорий этилганини эълон қилди, деб хабар берди Интерфакс.

Тахминан 3,6 млн аҳолиси бўлган шаҳар шанбадан душанбагача 99 та COVID-19'га чалиниш ҳолати аниқланди. Улар орасида 2 киши омикронга чалинган.

Расмийларнинг буйруғига кўра, аҳоли уйда қолиши ва фақат энг керакли нарсаларни сотиб олиш учун кўчага чиқишлари керак. Шунингдек, аҳолидан товарларни ўз уйларига етказиб беришни танлашга, дўконларга ўзлари бормасликка чақирилди. Мактаблар фаолияти тўхтатилди.

Вақтинчалик тақиқ барча муҳим саёҳатлардан ташқари, шунингдек, жамоат транспорти фаолиятига ҳам жорий этилди, минтақадаги халқаро чегара блокланди.

Worldometers статистик веб-сайти маълумотларига кўра, COVID-19 пандемияси бошланганидан буён Хитойда 106,4 мингдан ортиқ коронавирус инфекцияси аниқланган, 4,6 мингдан ортиқ одам вафот этган, 100 мингдан ортиқ бемор касалликдан тузалиб кетган.