Адлия вазири Русланбек Давлетов 4 февраль куни Сенатнинг 23-ялпи мажлисида президент фармони билан ҳокимларнинг ер ажратишига тақиқ қўйилганлигига қарамасдан, Тошкент вилоятининг 2021 йил 7 октябрдаги қарори билан тадбиркорга 781 гектар ер майдонини ноқонуний тарзда вақтинча бириктириб берилганини таъкидлаганди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги эса ер Ер кодекси асосида тадбиркорга ушбу ер қурилиш ишлари бошлангунга қадар бошоқли дон экинларини экиш учун вақтинча бириктириб берилганини маълум қилди. Қолаверса, муносабатда «қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни бериш юзасидан маъмурий регламент ишлаб чиқилмагани, ҳудудий адлия органлари томонидан қарор лойиҳасини ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиш механизми яратилмаганини ҳам назарда тутиш лозимлиги» қайд этилган.

7 февраль куни Адлия вазирлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида вазир мазкур масалага яна бир бор тўхталиб, изоҳ берди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар берди.

«Бу қарор қабул қилинган пайтда (қишлоқ хўжалиги ерларини) танловга чиқариш механизмлари бўлмаган. Лекин, ерни тўғридан-тўғри ажратишни тўхтатиш тўғрисида бевосита президент фармонида ёзилган бўлган. Механизмлари йўқ, лекин ер берилмасин дейилган. Энди у ерда „бу объектив ҳолат, биз бириктириб бердик“, деган гапни [Тошкент вилояти ҳокимлиги] айтишаяпти», — деди Русланбек Давлетов.

Вазир кимга ишониш-ишонмаслик ҳақида гапиришдан олдин позицияларни тўғри таҳлил қилиш кераклигини айтди. «Айтилаётган асосларга қараш керак. Биз айтаяпмизку, президент фармонида тақиқ қўйилган, ҳеч қанақа истисно йўқ. Лекин ердан вақтинча бириктириб, шу ердан фойдаланиб қолайлик деганига ҳам биз асос йўқ, деяпмиз. Чунки бизни манбамиз, президент фармони. У қонундан кейин энг катта қонун ости ҳужжат ҳисобланади», — деди у.

«Буни оқибатида тақдимнома бердик, бажарилмади. Яхши бажармаса, бизни тақдимномани бажариш шарт эмас, кўриб чиқиш шарт. Судга бердик, судда кўриб чиқилади», — деди у.

Журналист Феруза Нажмиддинова «Тошкент вилояти ҳокимлиги адлия вазирига қарши муносабат билдиргани, вазир нотўғри гапирди деганини» айтиб, ундан изоҳ сўради.

Русланбек Давлетов бунга жавобан : «Мен энди бориб дўппосламайман-ку. Гапираверсин, шунинг учун ҳам судда гаплашамиз. Лекин, ҳаммани позицияси бўлиши керак. Биласизми, ҳақиқат шунақа қийин концепциясики, ҳозир кўп давлатлар ҳақиқат орқасидан қувмайди. Асос ва исботни орқасидан қувади. Сиз ўзингизни ишингизни асослаб, исботлаб берсангиз, ютиб чиқасиз».

Вазирнинг сўзларига кўра, «кўп ҳолатда, ҳақиқатга эришиш жуда қийин».

«Адвокатлар кучайиб, ўзини соҳасини исботлаб берса, ўшанда шундай бўлади. Биз ҳам ҳали камчиликдан холи ташкилот эмасмиз, ҳеч ким идеал даражага етиб келгани йўқ. ундай қилиб келганимизда бундай ривожланиш даражаси бўлмас эди, анча кучайган бўлар эдик», — деди у.