2022 йилнинг биринчи чорагида тижорат банклари томонидан ажратилган ипотека кредитлари 42 млн доллар миқдорида қайта молиялаштирилади, дея хабар қилди Молия вазирлиги ахборот хизмати.

Аввалроқ, иккиламчи бозордан уй-жой сотиб олиш учун ажратиладиган мақбул ипотека кредитларини қайта молиялаштириш вақтинча тўхтатилганлиги маълум қилинган эди. Бу мазкур турдаги кредитларга бўлган юқори талаб туфайли Осиё тараққиёт банкининг 150 млн долларлик маблағлари муддатидан олдин ўзлаштириб бўлинганлиги билан изоҳланган.

Вазирлик матбуот хизматининг маълум қилишича, «Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси» АЖ ҳозирда ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Биринчи ярим йилликда компания томонидан ипотека кредитларини қайта молиялаштириш Молия вазирлиги маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, иккинчи ярим йиллик учун халқаро молия ташкилотларидан қўшимча маблағлар жалб этилиши бўйича тегишли ишлар олиб борилаётганлиги айтилмоқда.

Маълум қилинишича, 2022 йил давомида компания тақдим этган маблағлар ҳисобидан иккиламчи бозордан уй-жой сотиб олиш учун 2 трлн сўм миқдорида ипотека кредитлари ажратилади (2021 йилда — 1,9 трлн). Шунингдек, Молия вазирлиги томонидан тижорат банкларига бирламчи бозордан уй-жой сотиб олиш мақсадида аҳолига ипотека кредитлари бериш учун 12,8 трлн сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган (2021 йилда — 5,0 трлн).

«2021−2022 йилларда капитал бозорини ривожлантириш Дастурини амалга ошириш бўйича Йўл харитаси доирасида тижорат банкларини ресурслар билан барқарор таъминлаш мақсадида секьюритизация ва ипотека облигациялар муомаласи амалга оширилишининг ҳуқуқий асослари яратилмоқда», — дейилади хабарда.

Дастур доирасида 2023 йилдан бошлаб компания томонидан ипотека облигациялари чиқарилиши кўзда тутилган.