Иккиламчи бозордан уй-жой сотиб олиш учун ажратиладиган мақбул ипотека кредитларини қайта молиялаштириш вақтинчалик тўхтатилди. Бу ҳақда «Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси» АЖ (UzMRC) матбуот хизмати хабар берди.

Компания хабарига кўра, ипотека бозорини такомиллаштириш мақсадида Молия вазирлиги ва Осиё тараққиёт банки хамкорлигида Ўзбекистонда ипотека бозорини ривожлантириш дастури ва уни 2019 — 2021 йилларда амалга ошириш концепцияси ишлаб чиқилган эди.

Дастурга кўра, компания фаолиятини бошлаш учун дастлабки босқичда ОТБнинг 150 млн доллар миқдоридаги қарз маблағлари тижорат банкларининг мақбул ипотека кредитлари портфелини қайта молиялаштириш учун ажратилиши кўзда тутилган. Ушбу ресурсларни босқичма-босқич 2023 йилнинг биринчи чораги якунига қадар ўзлаштириш режалаштирилган эди.

«Бироқ аҳолининг ипотека кредити ҳисобига иккиламчи бозордан уй-жой сотиб олишга бўлган катта қизиқиши ҳамда тижорат банклари томонидан аҳолининг ушбу талабини қондириш мақсадида фаол кредитлар ажратиши натижасида дастурда назарда тутилган маблағлар муддатидан аввал, яъни 2022 йилнинг биринчи чораги давомида ўзлаштириб бўлиниши кутилмоқда», — дейилади компания хабарида.

Бу ҳақда тижорат банклари 2021 йилнинг декабрь ойида дастур бўйича қолдиқ мавжуд ресурслар доирасида етарлича мақбул ипотека кредити портфеллари шакллантириши лозимлиги юзасидан компания тарафидан ёзма равишда хабардор қилингани таъкидланди.

Бугунги кунда компания Молия вазирлиги ва бошқа институтлар билан биргаликда, шу жумладан, халқаро ташкилотлар билан ҳам, ипотека кредитларини қайта молиялаштириш мақсадида ресурсларни жалб қилиш бўйича фаол равишда тегишли ишларни олиб бормоқда.

«Юқоридагиларни инобатга олиб, шунингдек, молиялаштириш манбалари аниқлангунга қадар, компания иккиламчи бозордан уй-жой сотиб олиш учун ажратиладиган мақбул ипотека кредитларини қайта молиялаштиришни вақтинчалик тўхтатиб турибди», — дейилади расмий хабарда.

Қайд этилишича, банклар мақбул ипотека кредитларини қайта молиялаштириш ишлари тикланганлиги тўғрисида компания томонидан тегишли равишда келажакда хабардор қилинади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2021 йилда тижорат банклари томонидан 59,5 мингдан зиёд фуқарога қарийб 9,8 трлн сўм миқдорида ипотека кредитлари ажратилгани ҳақида хабар берилганди. Охирги 5 йилда эса аҳолига жами 35,6 трлн сўм миқдорида шу турдаги кредитлар берилган. Шунингдек, ипотека кредитлари қолдиғи 35,8 трлн сўмга етган.

Шу билан биргаликда, 2021 йилда ажратилган ипотека кредитларининг молиялаштириш манбалари орасида асосий улуш Молия вазирлиги маблағлари (6,97 трлн сўм) ҳисобланади. Бундан ташқари, Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси маблағлари (1,96 трлн сўм) ҳамда банкларнинг ўз маблағлари (867,1 млрд сўм) ҳам молиялаштириш манбалари сифатида кўрсатиб ўтилган.