1 мартдан бошлаб барча имтиёзли тоифага кирувчи қўшимча 30 минг нафар фуқарога 130 минг сўмдан компенсация тўлаб берилади. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлим бошлиғи Даврон Позилов маълум қилди.

Бу бўйича 28 январь куни президентнинг «Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, ҳимояга муҳтож тоифаларни моддий қўллаб-қувватлаш тизимни янада такомиллаштириш» тўғрисидаги фармони қабул қилинган.

Ҳозирга қадар 5 турдаги имтиёзли тоифага эга салкам 70 минг фуқарога уй-жой коммунал хизматлари харажатларини қисман қоплаш учун пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдоридан, табақалаштирилган ҳолда келиб чиқиб 72 минг сўмдан 144 минг сўмгача компенсация пуллари тўланиб келинган.

Ушбу компенсация пул тўлови фақат меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи ёки пенсия ҳамда нафақа олувчи фуқароларга тўланиши белгиланган эди.

Компенсация пул тўловлари бериладиган шахсларнинг имтиёзли тоифасига кирувчи, бироқ меҳнат фаолияти билан шуғулланмайдиган, пенсия ва нафақа олмайдиган фуқароларга компесация тўланмаган.

Жумладан, Чернобиль АЭСидаги ҳалокат оқибатларини тугатишда қатнашган ҳамда Афғонистонда ўз ҳарбий-хизмат мажбуриятларини бажариб, байналминал бурчларини адо этган шахсларга олдинлари компенсация берилмагани айтилди.

«2022 йил 1 мартдан бошлаб барча имтиёзли тоифага кирувчи қўшимча 30 минг нафар фуқарога, уларнинг пенсия нафақа олиши ёки меҳнат фаолиятини олиб бормаслигидан қатъий назар, пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори 45 фоизи миқдорида (130 минг сўм) компенсация пул тўловларини олиш ҳуқуқи берилди», — дея таъкидлади Даврон Позилов.

Шу билан бирга, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерларга ҳам 130 минг сўм миқдорида компенсация тўланади.

Унинг сўзларига кўра, 100 ёшга тўлган ва ундан ошган пенсионерларга ҳар ой 289 минг сўм миқдорида қўшимча тўлов амалга оширилади.

Бунинг учун барча тоифадаги имтиёзга эга фуқаролар сафига кирувчи шахслар доимий ёки вақтинчалик турар-жойидаги Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг туман бўлимларига мурожаат қилишлари лозимлиги билдирилди.

100 ёшга тўлган ва ундан ошган пенсионерлар бундан мустасно. Уларга компенсациялар автоматик тарзда ҳеч қандай мурожаатсиз тўлаб берилади.

Ушбу тўловларни молиялаштириш учун жорий йилда республика бюджетидан қўшимча равишда 36,4 млрд сўм маблағ ажратилиши қайд этилди.