Сенат Вазирлар Маҳкамасига газ баллонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситалари хавфсизлигини таъминлаш юзасидан парламент сўрови юборади. Сўровни тайёрлаш тўғрисидаги масала 1 февраль куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси йиғилишида кўриб чиқилди.

2021 йил давомида республика бўйича газ баллонлари ўрнатилган транспорт воситаларида 14 та портлаш ҳамда 2 та ёнғин чиқиш ҳолатлари содир бўлиб, уларда 9 нафар фуқаро жароҳатланган ва 14 нафар фуқаро ҳалок бўлган.

Шунингдек, йиғилишда автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станцияларида газ баллонларини тўлдиришда белгиланган талаб ва тартибларни бузиш ҳолатлари кўплаб учраётгани қайд этилди.

Ушбу воситаларни автомобилларга ўрнатиш ва тегишли ускуналарни синовдан ўтказиш билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти устидан таъсирчан назорат ўрнатилмаганлиги, газ баллонларининг техник синовдан ўтказилганлиги тўғрисида қалбаки далолатномалар расмийлаштириш ҳолатлари мавжудлиги айтилди.

Бундан ташқари, сенаторлар газ баллонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситалари хавфсизлигини таъминлашга оид қонун ҳужжатлари ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг бошқа ҳужжатлари давлат тилида қабул қилиниши лозим бўлсада, аксарият ҳуқуқий ҳужжатлар рус тилида қабул қилинганлигини таъкидлади.

Сўров юбориш масаласи Сенатнинг 3 февралга белгиланган 23-ялпи мажлисида кўриб чиқилади.