Uzbekistan Airports компанияси Тошкент аэропортида биринчи расмий споттингни ташкил этди. Тадбир 22 октябрь куни тонгда бўлиб ўтди. Самолёт ва вертолётларни суратга олишда 15 нафар споттер ва авиацияга оид блоглар муаллифлари иштирок этди. «Газета.uz' мамлакат тарихида биринчи расмий споттинг ҳақида ҳикоя қилади.

Пойтахт аэропортида споттинг ўтказиш ғояси «Газета.uz»да авиация техникаси ҳаваскорлари ҳақидаги «Самолётлар парвозини юз йил бўлса ҳам кузатардим» мақоласи эълон қилинганидан кейин пайдо бўлди, — деди Uzbekistan Airports матбуот котиби Евгения Гранде. Мазкур мақола қаҳрамонлари кўп йиллар давомида шундай имкониятни кутишган эди.

«Мазкур ҳодиса, эҳтимол, анча олдин содир бўлиши керак эди. Аммо кўп ҳолатлар туфайли аэропорт журналистлар, блоггерлар ва, албатта, споттерлар учун ёпиқ иншоот эди. Аммо ҳамма нарса ўзгармоқда. Менга биринчи марта Ўзбекистонда расмий споттинг ўтказишни таклиф қилишганда, нега бўлмасин экан, дедим. Бу барча хавфсизлик чораларига амал қилиш билан мумкин. Бу бутун дунёда одатий амалиёт. Бу одамлар авиацияни учувчилардан кам севмайдилар ва улар аэропортларимизда исталган меҳмонлардан бўлишлари керак», — деди Uzbekistan Airports бошқаруви раиси Раъно Жўраева.

Тадбир споттерлар учун шу қадар муҳим бўлиб чиқдики, тадбир арафасида ўзбекистонлик энг машҳур авиафотограф ва споттинг юлдузи Сардор Дурумов (UzbekSpotter Telegram-канали) Санкт-Петербургдан учиб келди.

Сардор Дурумов.

Иштирокчилар йиғилиши эрталаб соат 5 да бошланди. Барча поттерлар аэропортга вақтинчалик кириш рухсатномасини олдилар. Бироқ аэропорт хизматлари ва стратегик объектни қўриқлаш учун масъул идоралар ўртасида мувофиқлаштириш етишмаслиги сабабли споттерлар назорат-ўтказиш пунктида ушланиб қолдилар бир нечта рейсларни ўтказиб юборишга мажбур бўлдилар.

«Бундай турдаги тадбирлар учун бюрократияни бартараф этиш керак, лекин бу биринчи споттинг эканлигини ҳисобга олсак, умид қиламанки, келажакда ҳаммаси яхши бўлади», — дейди спотер Эльдар Хайрулов.

Бироқ, споттерларнинг фикрига кўра, бюрократия тадбирнинг ягона камчилиги эди. Ҳатто совуқ ҳаво ва аэропорт ҳудудида яхшигина эсиб турган шамол ҳам иштирокчиларнинг кайфиятини бузмади. Санкт-Петербургнинг аёзли шамолларига кўниккан Сардор Дурумовни ҳисобга олмаганда, уларнинг аксарияти совуқ қотишди ҳам.

Фото: Сардор Дурумов.

Споттерлар аэропортнинг учиб кетиш ва учиб келиш заллари, турли авиакомпаниялар самолётларининг учиши ва қўниши, перрон, хизмат кўрсатиш техникалари, багаж тизимини тасвирга олиш имкониятига эга бўлдилар. Бундан ташқари, меҳмонлар учун яқин кунларда очилиши утилаётган янги учиш зали бўйлаб ҳам экскурсия ташкил этилди, деб хабар берди Uzbekistan Airports матбуот хизмати.

Ҳаво бандаргоҳи ҳудуди бўйлаб ҳаракатланиш учун маъмурият поттерларга алоҳида автобус ажратди. Ҳар бир нуқтада суратга олиш ишлари якунланар экан, иштирокчилар болаликдаги энг эзгу орзуси рўёбга чиққандек, юзларида сирли табассум билан транспортга ўтирдилар.

«Таассуротлар — ажойибб! — хурсанд бўлди Асқар Тураназаров. — Болаликдан ушбу иштиёқ билан улғайган ҳамда ҳалигача самолёт ва вертолётларни кўрганда ёки овозини эшитганда уларга маҳлиё бўладиган авиация ишқибози сифатида айтишим мумкинки, бугунги тадбир шунчаки ажойиб бўлди. Аэропортга етиб келиш, самолётларнинг учиш ва қўнишларини перрондан кузатиш — ажойиб нарса. Евгениянинг (Uzbekistan Airports матбуот котиби) аввалданоқ тадбирни споттерлар ва бизнинг фикримизга қараб ташкил этгани, тасвирга олиш нуқталарини биз танлашимизга ҳаракат қилгани энг кўп ёқди. Ва у буни жуда яхши амалга ошира олди».

Фото: Асқар Тураназаров, Aerospace Lad Telegram-канали муаллифи.

Иштирокчилар, шунингдек, ёруғлик бўйича ҳам омади келганини таъкидладилар. Пайшанба куни ёғиб ўтган ёмғирдан қолган булутлар эрталаб тарқалиб кетди. Қуёш нурлари булутлар орасидан ўтиб, тоғларнинг қор билан қопланган тепаларини олтин нур билан ёритди. Тонг осмони фонида самолётлар осмонга кўтарилар, учиш-қўниш йўлагига қўнарди.

Фото: Роман Валиев.

Споттер Сарвар Ҳайдаров ушбу тадбир аэропорт учун ҳам, споттерлар учун ҳам муҳим қадам бўлганини таъкидлади. Бу фаолият бутун дунёда, жумладан, МДҲда ҳам тобора оммалашиб бормоқда. Споттерлар бундай тадбирлар ўтказиладиган мамлакатлар ва шаҳарларнинг тан олинишига катта ҳисса қўшади ва туризмнинг ривожланишига ҳисса қўшади, дея қўшимча қилди у.

«Муҳтарам президентимиз мамлакатимизда туризмни ривожлантириш муҳимлигини бир неча бор таъкидладилар. Кўплаб машҳур хорижлик спотчилар Ўзбекистонга ташриф буюришни ва бундай тадбирларда қатнашишни хоҳлашади. Эндиликда, споттингга расмий старт берилган экан, умид қиламанки, уларнинг кўплари мамлакатимизга ташриф буюриб, ўз ҳиссаларини қўша оладилар», — деди Сарвар Ҳайдаров.

Фото: in4avia Telegram-канали.

«Ушбу тадбирнинг аҳамиятини ортиқча баҳолаб бўлмайди, чунки бу мамлакатимиз учун биринчи бундай тажрибадир! Илгари биз — маҳаллий споттерлар ва оддий авиация ишқибозлари — аэропорт чегараларида самолётларни яширинча кузатиш ва суратга олишга тўғри келарди. Хавфсизлик чораларининг гипертрофияси туфайлими ёки ватандошларимизнинг камерали одамларга нисбатан норозилиги ва эҳтиёткорлиги туфайли, аэропорт периметрида камерани тутганча очиқ кўрина олмасдик. Бугун эса мамлакатимиз учун тенги йўқ мисолни кўрдик, улар споттерларга шунчаки эътибор бермай, уларни ҳудудга таклиф қилишди, уларни деярли учиш-қўниш йўлагининг ўзига қўйиб юборишди! Илгари улар бундай нарсани орзу ҳам қилмаган эдилар», — дейди споттер Искандар Шарафов.

Фото: Искандар Шарафов.

«Мен учун мазкур воқеанинг биринчи навбатдаги муҳимлиги шундаки, ниҳоятда консерватив ва ёпиқ ташкилотлар ҳозир очиқ ва дўстона бўлиш барчага ёпиқ бўлишдан кўра анча қулайроқ ва фойдалироқ эканини англаб етмоқда. Иккинчидан, бошқа давлатлардаги ҳамкасбларимиздангина ўқий олганимиз тадбирда қатнаша олганимиз важидан муҳим», — деди Антон Якунин.

Сурат: Антон Якунин.

Uzbekistan Airports матбуот котиби Евгения Гранде бундай тадбирларни мунтазам ўтказиш режалаштирилганини маълум қилди. Шунинг учун бўлиб ўтган споттинг кузгиси деб аталди. Аэропорт маъмурияти, шунингдек, фотобанкни тўлдиришга умид қилмоқда — бу авиаспоттинг дунёсида ўзаро манфаатли одатий амалиётдир: авиакомпаниялар ва аэропортлар чиройли суратларни қўлга киритишади, споттерлар эса ўзлари ёқтирган иш билан шуғулланадилар.

«Хорижий аэропортлар споттерларга кириш очиқ ва парвоз ҳудуди кўриниб турган махсус майдончалар, пресс-турлар ва очиқ эшиклар кунларини таклиф қиладилар. Бунинг эвазига аэропортлар яхши ПР ва кўплаб сифатли контентга эга бўлади. Аэропортларимизда ҳам вақт ўтиши билан споттерларнинг эҳтиёжлари ва зарур хавфсизлик чораларини ҳисобга олган ҳолда шунга ўхшаш майдончалар пайдо бўлишини жуда хоҳлардик», деди Искандар Шарафов.

Фото: Мухитдин Ишанходжаев.

Компания матбуот котибининг фикрича, олинган суратлар келажакда вақтинчалик кўргазма сифатида аэропорт биносида ҳам намойиш этилиши мумкин. Шу тариқа аэропорт ўзининг очиқлигини кўрсата олади.

«Ташкилотчилар қўлларидан келганича ҳаракат қилишди, бунинг учун уларга катта раҳмат. Шубҳасиз, қилиниши керак бўлган ишлар кўп, аммо ишончим комилки, биз бу ҳаракатни ривожлантира оламиз. Биргаликда меҳнат қилиб, юксак марраларни забт этишимиз ва мамлакат авиация саноатини ривожлантиришга ҳисса қўшишимиз мумкин», — деди Сарвар Ҳайдаров.

Фото: Равшан Хамидов / AviaAlertsUZ.

Авиация ихлосмандлари мамлакатнинг бошқа аэропортларида споттинг ўтказиш ва споттерларни ўз ҳудудига киритиш тартибини соддалаштиришга умид билдирди. Уларнинг фикрича, кўплаб мамлакатларда бу жараёнлар тезроқ амалга оширилади. Уларни соддалаштиришнинг иложи бўлмаган ҳолларда, муҳофаза қилинадиган объект ҳудудидан ташқарида споттинг учун шароитлар яратилади.

«Аэропорт хавфсизлиги ва ҳуқуқ-тартибот идоралари даражасида [аэропорт чегаралари яқинида тасвирга олиш] ҳали ҳам ёқмайди. Бундан ташқари, аэропорт ичида споттинг учун бир ёки иккита нуқта бўлса яхши бўларди. Айтайлик, терминал ичида», — деди Асқар Тураназаров.

Фото: Асқар Тураназаров, Aerospace Lad Telegram-канали муаллифи.

«Жараёнларнинг ўзини соддалаштириш мумкин, зеро бу аэропортнинг ички „ошхонаси“. Дунёнинг етакчи аэропортларида ташкил этилганидек, аэропорт чегараларидан ташқарида ҳам споттинг учун майдончаларни ташкил қилиш орқали шароит яратиш мумкин. Кўп нарсаларни ўйлаб топиш мумкин. Асосийси, буни раҳбариятга исботлаш истаги ва имконияти бор», — дея қўшимча қилди Элдар Хайрулов.

Фото: Мухитдин Ишанходжаев.

«Биз ишонамиз ва умид қиламизки, келгусида споттингга қизиқувчилар сони ортиши билан умуман жамият, хусусан, аэропортлар раҳбарияти бу хоббининг безарар эканлигини тушуна бошлайди», — дейди споттер Искандар Шарафов.

Фото: Мухитдин Ишанходжаев.