Сешанба куни тахминан 11:00 ларда Тошкент шаҳрининг кўп жойларида электр энергиясида узилиш кузатилди. «Газета.uz» ходимлари ва ўқувчиларининг хабар беришича, электр энергия пойтахт маркази, Юнусобод, Чилонзор, Олмазор, Яшнобод, Мирзо-Улуғбек ва бошқа туманларда мавжуд эмас.

«Газета.uz» манбаларининг хабар беришича, Ўзбекистоннинг энергия тизимида йирик авария юзага келган.

Ҳозирча мобил алоқа ишламоқда.

Нашр ўқувчилари қайд этишича, Самарқанд, Наманган, Хоразм, Андижон вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистонда ҳам узилишлар кузатилмоқда.

Қозоғистон ОАВлари ҳам Олмаота ва мамлакатнинг жанубий ҳудудларида энергия узилиши содир бўлганини ёзмоқда. Чимкент, Тараз, Ўш ва Бишкекда ҳам электр энергияси йўқлиги айтилмоқда. Қолаверса, Қирғизистонда ҳам свет ўчгани хабар қилинмоқда.

11:23 да Энергетика вазирлиги республика энерготизимида йирик носозлик юзага келиб республикамизнинг айрим ҳудудларида электр энергияси таъминотида узилишлар кузатилаётганини тасдиқлади. Айни пайтда мутахассислар томонидан носозликни тиклаш ишлари олиб борилмоқда.

Вазирлик келтирилган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраган.

11:24 да Тошкент шаҳрининг барча ҳудудларида электр энергияси ўчганлиги сабабли Тошкент метрополитенининг барча йўналишларида вақтинчалик метро ҳаракати тўхтади, деб хабар қилди «Тошкент метрополитени». Носозлик бартаф этилганидан сўнг Тошкент метрополитен йўловчиларга доимий жадвал асосида хизмат кўрсатишни давом эттиради.

11:33 да Уй-жой коммунал хизмати кўрсатиш вазирлиги энерготизимдаги носозликлар ортидан иситиш, оқова ҳамда ичимлик суви тармоқларида ҳам узилишлар кузатилаётганини маълум қилди.

11:55 да Ўзбекистон темир йўллари йўловчи поездларнинг ўз манзилига кечикиб етиб боришини хабар берди.

11:56 да Тошкент шаҳар ИИББ кўчалардаги тирбандликларни олдини олиш учун зарурат бўлмаганда шахсий транспорт воситаларидан фойдаланмасликни сўраб чиқди.

12:02 да Энергетика вазирлиги авариянинг асосий сабабини маълум қилди.

«Соат 10:57 да Қозоғистон Республикаси электр тармоғида катта авария бўлиши натижасида Олма-ота, Шимкент, Тарас, Туркистон (вилоятларида) ва атроф ҳудудларида Электр эенергия таъминотида ўчишлар юзага келди. Бунинг натижасида Қирғизистон электр тармоғида, жумладан Бишкек, Ўш ва бошқа барча шаҳарларда электр энергия ўчиши кузатилди», дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Ягона электр тармоғига уланган Ўзбекистон электр тармоғи бу авариянинг салбий таъсири натижасида Қозоғистондан келувчи 530 линиядаги кучланиш ва частотани кескин ўзгариши оқибатида Тошкент ИЭСи, Сирдарё ИЭСи да авария ҳимоя воситалари ишлаб кетиб бу иккала станцияни ҳам автоматик равишда ўчишига олиб келган.

Бунинг натижасида Фарғона ва Тошкент шаҳри ва вилояти, Фарғона водийси ҳудуди, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Навоий, Қашқадарё вилоятлари тармоқларида электр энергияси ўчди.

Ҳозирги вақтда қўшни давлат тармоқларидан узган ҳолатда ҳар бир ИЭСни алоҳида ишга тушириб, босқичма-босқич тармоқларга улаш чоралари кўрилмоқда.

12:28 да Фавқулодда вазиятлар вазирлиги эҳтимолий аварияларнинг олдини олиш мақсадида газ ва электр мосламаларини тармоқдан вақтинча узиб қўйишни сўрамоқда.

12:33 да ФВВ Тошкент метрополитенида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда босқичма-босқич фуқаролар эвакуация қилинаётганини маълум қилди.

12:36 да Ижтимоий тармоқларда электр таъминотидаги узилишлар оқибатида Amirsoy тоғ-чанғи курортининг канат йўлида қолиб кетган одамлар тасвирлари пайдо бўлди. ФВВ матбуот хизмати «Газета.uz» сўровига кўра, қутқарувчилар отряди курортга жўнаб кетгани ҳақида хабар берди. Дам олувчиларга канат йўли кабиналаридан ерга эҳтиёткорлик билан тушишга ёрдам берилади, дея қўшимча қилди ФВВ.

12:42 да ССВ Ўзбекистонда электр энергиясидаги узилишлар пойтахтдаги йирик тиббий марказлар фаолияти ва узлуксиз операциялар ўтказилишига хавф туғдирмаслигини билдирди. Барча операция блоклари қўшимча генераторларга улангани маълум қилинди.

12:46 да «Тошкент метрополитени» хабар беришича, Электр метро тоннел ва бекатларида поезд ичида қолган барча йўловчилар метрополитени ходимлари томонидан хавфсиз эвакуация қилинди. Электр энергияси билан боғлиқ муаммо бартараф этилганидан сўнг, поездлар ҳаракати ҳам белгиланган режа жадвали асосида қайта тикланади.

12:49 да Ўзбекистон аэропортлари вақтинча ёпилди. Uzbekistan Airports электр тармоғидаги узилишлар туфайли Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарлари, жумладан Наманган, Андижон, Фарғона, Термиз, Қарши, Урганч, Бухоро, Нукус ва Самарқанддаги аэропортлар фаолияти вақтинча тўхтатилганини маълум қилди. Ҳозирги вақтда фақат Навоий аэропортида электр энергияси мавжуд.

13:06 да Энергетика вазирлиги хабар беришича, Тошкент вилоятидаги Чорвоқ, Ходжикент ва Товоқсой гидроэлектр станциялари, Навоий вилоятидаги Навоий ИЭС, Қорақалпоғистондаги Тахиатош ИЭС ҳамда Фарғона вилоятидаги Фарғона иссиқлик электр маркази орқали энергетика тизимига қувват узатиш бошланди.

Республиканинг айрим ҳудудларида электр таъминоти тикланаётгани қўшимча қилинган.

13:13 да ФВВ қайд этишича, авария сабабли кўп квартирали уйлардаги лифтлар тўхтаб қолган, вазирлик қутқарувчилари томонидан ҳозиргача 10 дан ортиқ фуқаролар лифтдан чиқариб олинган. Айни вақтда ФВВ қутқарувчилари жойларда зарурий тадбирларни амалга оширмоқда.

13:20 да Вазият юзасидан ИИВ аҳолига мурожаат йўллади. «Мамлакатнинг айрим ҳудудларида электр таъминотининг тиклангунига қадар ИИВнинг барча хизматлари, шу жумладан Йўл харакати хавфсизлиги тизми жамоат тартибини сақлашга, йўлларда тартибни таъминлашга жалб этилганлигини, фуқароларнинг ва уларнинг мулкларини хавфсизлиги тўлиқ таъминланиши назоратга олинганлигини маълум қиламиз», дейилади хабарда.

Таъкидланишича, 102 тизими одатий режимда ишламоқда. Фуқаролардан ноодатий вазиятдан саросимага тушмасликлари ҳамда тушунмовчиликлар юзага келганда ички ишлар органлари ва махсус хизматларнинг ёрдамига таянишлари сўралган. Кўча ва йўлларда ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажаришингизни, йўл ҳаракати қоидаларига сўзсиз риоя қилишингизни, махсус траспорт воситаларига йўл беришингизни, имкон тариқасида автотраспорт воситаларидан фойдаланмаслигингизни сўраймиз, дейилади мурожаатда.

13:22 да Энергетика вазирлиги ҳудудлар бўйлаб электр энергияси таъминоти босқичма-босқич тикланаётгани муносабати билан табиий газ ва электр энергияси билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатларни олдини олиш мақсадида газ ҳамда электр жиҳозларини назорат қилиш ҳамда тармоқдан вақтинча узиб қўйишни тавсия қилди.

13:24 да Пойтахт ҳокимлиги шаҳарда жойлашган тиббиёт муассасалари, хусусан, туғуруқхоналар, Covid-марказлар, тез тиббий ёрдам марказлари қўшимча электр таъминотига ўтказилганини маълум қилди. Қўшимча қилинишича, барча йўловчилар Тошкент метрополитенидан эвакуация қилинган.

13:30 да Тошкент аэропорти фаолияти тикланди ва у ҳозирча фақат рейсларни қабул қилиш учун ишламоқда. Ҳудудлардаги аэропортлар рейсларни қабул қилиш ва жўнатишни бошлади, деб хабар қилди Uzbekistan Airports.

13:34 да «Газета.uz» мухбири электрсиз қолган шаҳар бўйлаб сайр қилиб, йўл назоратчиларининг тирбандликларни қандай бошқараётгани, шаҳарликларнинг эса ишлаётган банкоматларни қидираётганию қоронғуда харидларни қандай амалга ошираётганини суратга олди.

13:53 да Тошкентнинг айрим туманларида свет ёнди. «Газета.uz» ходимлари ва ўқувчиларининг хабар беришича, Тошкент шаҳрининг айрим туманларида электр таъминоти тикланмоқда.

13:59 да Қутқарувчилар Чимён ва Билдирсойда электр энергияси узилган вақтда осма йўлларда қолиб кетган 80 кишини эвакуация қилди. Amirsoy курортида эса электр тезда қайта тиклангани учун ФВВ ёрдамига эҳтиёж қолмаган.

14:05 да Энергетика вазирлиги ижтимоий тармоқларда «Ўзбекистонда 3 кун электр энергияси бўлмайди» сарлавҳали асоссиз ва фейк хабар эълон қилинаётганини қайд этди. «Ушбу хабар мутлақо асоссиз бўлиб, ҳозирги вақтда республикамиз ҳудудларида электр энергияси таъминоти босқичма-босқич тикланмоқда», дейилади хабарда.

14:10 да «Ўзсувтаъминот» АЖ ҳудудларда махсус тезкор штаблар фаолияти йўлга қўйилгани ва улар орқали аҳолига ичимлик суви муқобил йўллар билан етказиб берилишини эълон қилди (ҳудудлар кесимида жамиятлар телефон рақамлари рўйхати).

14:12 да «Тошшаҳартрансхизмат» матбуот хизмати маълум қилишича, жамият таркибидаги МАN RR3 (сайёҳлик) русумли автобуслар ажратилиб, «Буюк Ипак Йўли метроси» ва «Олмазор метроси» йўналиши бўйича метрополитеннинг барча станцияларида тўхтаб ўтиш асосида йўловчиларга транспорт хизматлари кўрсатилади.

14:48 да Фавқулодда вазиятлар вазирлигида ишчи гуруҳ штаби тузилиб, мурожаатларни қабул қилиш фаолияти йўлга қўйилди. Ташкил этилган тезкор рақам кучайтирилган тартибда ишламоқда. Қўнғироқлар: 78 147−10−50 рақами орқали қабул қилинади.

15:09 да Миллий гвардия мамлакат бўйлаб Қўриқлаш бош бошқармаси бўлинмалари ходимлари ва Техник қўриқлаш марказлари узлуксиз, штат режимида хизмат олиб бораётгани хабар қилинди. «Фуқароларимиздан қўриқловдаги мол-мулклари хавфсизлигидан асло хавотирга тушмасликларини сўраб қоламиз», — дейилади хабарда.

15:16 да Uzbekistan Airports барча хизматлар ускуналарни синовдан ўтказиб, ишга тушираётганини маълум қилди. Бир неча дақиқалардан сўнг, парвозларга рўйхатга олиш бошланади.

15:20 да Пойтахт ҳокимлиги шаҳардаги корхона, ташкилот ва муассасаларнинг раҳбарларига мурожаат билан чиқти. «Бир вақтнинг ўзида катта тирбандликнинг олдини олиш мақсадида, корхонангизда фаолият юритаётган ходимларга 15:30 дан кейин жадвал асосида жавоб беришингизни тавсия қиламиз», — дейилади хабарда.

15:20 да «Газета.uz» мухбири Мадина Аъзам «блэкаут» вақтида пойтахтни тасвирга олди. Ҳозирда Тошкентда электр энергиясини етказиб бериш қисман тикланган.

15:53 да Президент топшириғига биноан электр энергияси таъминотида юзага келган носозликлар сабабини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича бош вазир Абдулла Арипов ҳузурида ҳукумат комиссияси тузилди.

16:02 да Ўзбекистонда электр энегрияси ўчиши ортидан «Ўзбекнефтгаз» тизимидаги 64 та конлар фаолияти вақтинча тўхтатилди. Шунингдек, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, 3 та газни қайта ишловчи завод (Муборак газни қайта ишлаш заводи, Шўртан газ кимё мажмуаси ва «Uzbekistan GTL») ҳам ўз фаолиятини тўхтатган. Ҳозирда суюлтирилган газ ва нефть маҳсулотларини етказиб беришда узилишлар мавжуд эмас.

16:49 да Президент матбуот котиби Шерзод Асадов электр таъминотидаги узилишлар билан боғлиқ вазият шахсан Шавкат Мирзиёев назорати остида эканлигини маълум қилди. «Барчангизни хотиржамликни сақлаш ва саросимага тушмасликка чақириб қоламиз. Ваҳимага ўрин йўқ», — деди у.

16:59 да Энергетика вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида электр энергияси таъминоти тўлиқ тикланганлиги маълум қилди.

17:29 да ФВВ қутқарувчилари пойтахт метрополитенидан 415 нафар йўловчини эвакуация қилди. Поп туманидаги темирйўлда юк поезди тўхтаб қолганлиги қолганлиги учун ундан 40 км узоқликда йўловчи поезд ҳам тўхтаб қолган.

17:59 да Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Тошкентда яқин соатларда сув таъминоти тикланишини маълум қилди.

18:16 да ФВВ мамлакат бўйлаб электр энергияси ўчган вақтда Тошкентда тўхтаб қолган лифтларда 51 та одам бўлганлигини, улар қутқарувчилар ва коммунал соҳа вакиллари томонидан чиқариб олинганини маълум қилди.

19:07 да Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Тошкентдаги марказий иситиш қозонхоналари 3−4 соат оралиғида тўлиқ иш режимига ўтиши ва хонадонлар исий бошлашини маълум қилди.