Тошкент шаҳрида ичимлик суви таъминоти яқин соатларда тикланади. Бу ҳақда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги хабар берди.

Хабарга кўра, мамлакат бўйлаб электр энергияси ўчиши фонида пойтахт аҳолисининг асосий қисмини ичимлик суви билан таъминловчи «Қодирия» бош сув иншооти насос агрегатлари ўчган.

Шу туфайли, Тошкент шаҳрининг қатор ҳудудларида ичимлик сув таъминоти билан боғлиқ узилишлар рўй берди.

Ҳозирги вақтда сув иншоотида электр таъминоти қайта тикланган, ичимлик сув гидравлик режимини тиклаш бўйича тезкор чоралар кўрилмоқда.

Маълумотга кўра, Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Учтепа, Шайхонтоҳур, Олмазор туманларига ва Чилонзор туманининг бир қисмига 3 соат ичида сув бериш тўлиқ тикланади. Тошкент 6 соат ичида тўлиқ сув билан таъминланади.

Уй-жой коммунал хизмат вазирлиги маълумотига кўра, соат 17:30 ҳолатига Тошкентда 12 та маҳаллий қозонхонанинг фаолияти тикланган. Пойтахтда 202 та локал, 12 та марказий қозонхона бор.

Мамлакат бўйлаб вазирлик тизимига кирувчи 500 та қозонхонадан 78 таси ўз иш фаолиятини қайта тиклаган.

Маълумот учун, 25 январь куни соат 10:57 да Марказий Осиёнинг ягона энерготизимидаги йирик авария натижасида Ўзбекистон ҳудудларида электроэнергия таъминотида узилишлар рўй берди. Натижада Тошкент шаҳри, Фарғона, Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида элек энергияси ўчиши ҳолатлари қайд этилди.