Қонунчилик палатаси фракциялари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни янги таҳрирда кўриб чиқишмоқда. Бу ҳақда қуйи палата депутати Расул Кушербаев хабар берди.

Депутатнинг маълум қилишича, кодекснинг номи унинг тартибга солиш предмети ва хорижий тажрибадан келиб чиқиб «Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекс» деб ўзгартирилмоқда.

Кодекснинг янги таҳририда амалда ўз аҳамиятини йўқотган ёки фуқаролик ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган 33 та маъмурий ҳуқуқбузарликлар (транспортдан шахсий бойлик орттириш мақсадида фойдаланиш, шартнома интизомини бузиш, автомат телефонларни шикастлантириш ва бошқалар) кодексдан чиқариб ташланиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, 12 та янги турдаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда (пиёда ва бошқа йўл ҳаракати қатнашчиларига йўл бермаслик, электрон ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш тартибини бузиш ва бошқалар).

Халқаро экспертлар, жумладан Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти тавсияларига кўра, ижтимоий хавфи катта бўлган ва маъмурий жавобгарлик орқали таъсир кўрсатиш самарасиз ҳисобланган 3 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар кодексдан чиқарилиб, уларни содир этганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда:

  • НТТнинг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш;
  • давлат органининг, давлат иштирокидаги ташкилотнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш;
  • давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши.

Бундан ташқари, маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ашёни ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш жазоси маъмурий жазо тизимидан чиқарилади.

Депутатнинг таъкидлашича, маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш юритиш тизимини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида ташкил этиш кўзланмоқда.

Янги кодексга олдин мавжуд бўлмаган исбот қилиш, далиллар тақдим этиш, холислар, экспертиза тайинлаш, суд мажлисини видеоконференция тарзида ўтказишга оид янги тартиблар киритилади.

Шунингдек, коррупция ҳолатларига имкон берувчи омилларни бартараф этиш мақсадида ҳуқуқбузарлик содир этилган жойнинг ўзида нақд пулда жарима ундириш тартиби бекор қилинади.

Суд ҳужжатлари ва бошқа орган ҳужжатлари ижросини ўз вақтида таъминлаш мақсадида тайинланган маъмурий жазо чораларини алмаштириш тартиби белгиданади.

Амалдаги жазоларни либераллаштириш мақсадида, қатъий маъмурий жарималар қайта кўриб чиқилиб, уларнинг минимал ва максимал миқдорини белгилаш орқали жарималар пасайтирилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги қонунчиликнинг ҳар бир принципи мазмуни очиб берилади. «Масалан, ҳеч бир шахс битта маъмурий ҳуқуқбузарлик учун икки марта жавобгарликка тортилиши мумкин эмаслиги ҳақидаги қоида белгиланмоқда», — деб ёзади Кушербаев.

Унинг таъкидлашича, янги кодексда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишда ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинмаган кўплаб муаммоли масалаларнинг ечими назарда тутилмоқда. Хусусан, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишда рад қилиш асослари ва тартиби, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан қабул қилинган қарорга нисбатан қўйиладиган талаблар ва бошқа ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги масалаларга оид қоидалар киритилади.

Фуқароларнинг ортиқча овворагарчилигининг олдини олиш мақсадида маъмурий ҳуқуқбузарликларни соддалаштирилган тартибда кўриб чиқиш ҳам назарда тутилган.

Депутатнинг таъкидлашича, янги лойиҳа кодекси 600 га яқин моддадан иборат бўлади. Маълумот учун, амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 1995 йилда қабул қилинган ва у 348 моддадан иборат.