21 январь, бугун Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида қуёшли ва қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.

Каспий денгизидан циклон кириб келиши натижасида республиканинг шимолида баъзи жойларда бироз қор ёғади, Қорақалпоғистонда, Сурхондарё вилоятида кечга томон бироз ёмғир ёғиши мумкин. Ҳаво ҳарорати +7…+12 даража, шимолда −3…+2 даража атрофида бўлади.

22 январь, шанба куни совуқ антициклон республиканинг барча ҳудудларини қамраб олади. Ўзбекистонда булутли ва совуқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, республика бўйича ёмғир ва қор кўринишидаги бироз ёғингарчилик бўлади. Тоғли ҳудудларда қор ёғади, ҳарорат кундузи 0…+5 даражадан ошмайди.

Шунингдек, 21−22 январь кунлари совуқ фронт ўтишида республика бўйича шамол 17−22 м/с гача кучайиши мумкин.

23 январь, якшанба куни эса ёғингарчилик тўхтайди. Фақат республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида бироз ёғингарчилик сақланиб туриши мумкин. Кечаси совуқ кучаяди ва ҳарорат 0…-5 даража, шимолда эса −5…−10 даражагача бўлиши мумкин. Кундузи эса ҳаво ҳарорати +3…+8 даража илиқни ташкил этади.

Бундан ташқари, дам олиш кунлари туман тушиши ва кўринувчанлик ёмонлашиши мумкин. 21−23 январда республиканинг тоғли ҳудудларида қор кўчиши хавфи бор.