19 январь куни Қозоғистоннинг Нур-Султон шаҳри Есил тумани миграция полицияси идорасида ҳужжатсиз ушланган Ўзбекистон фуқаролари тўғрисида маълумот келиб тушди.

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг хабарига кўра, агентлик вакиллари полицияси идорасига бориб, 18 нафар Ўзбекистон фуқаролар билан учрашган.

«Фуқароларнинг паспорти борлиги аммо, вақтинчалик рўйхатга туриш муддати тугаганлиги ва ишлаш учун рухсатномаси йўқлиги маълум бўлди. Уларга Қозоғистон қонунларини бузмаслик, ўрнатилган тартибда ҳужжатларни расмийлаштириш борасида ҳуқуқий тушунча берилди», — дейилади хабарда.

Улар Қозоғистонга танишлари орқали келиб, қурилиш ишларида фаолият юритаётгани аниқланган. Ўзбекистон фуқароларига Миграция агентлиги томонидан амалга оширилаётган пилот лойиҳа мазмун-моҳияти тушунтирилди.

Учрашувда Есил тумани миграция полицияси томонидан биринчи марта Қозоғистонга келган фуқароларга огоҳлантириш, икки ёки кўп марта келганларга жарима ёзилди.