Афғонистоннинг муваққат ҳукумати аввалги тузум қулаши чоғида Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб кетилган вертолётларни қайтариш бўйича музокараларни бошлади. Бу ҳақда Tolo News хабар берди.

Аэропортларни назорат қилувчи комиссия бош директори Латифуллоҳ Ҳакимийнинг айтишича, собиқ ҳукумат 164 та самолётга эга бўлиб, улардан 81 таси ҳали ҳам мамлакатда.

«Бизда 81 та ҳарбий вертолётдан 41 тасини афғон муҳандислари таъмирлаган. Бошқалари ҳам ишлай олиши учун ҳаракат қиламиз», — деди Ҳакимий.

Анадолу агентлигининг маълум қилишича, «Толибон» муваққат ҳукумати матбуот котиби ўринбосари Иномулла Самангонийнинг айтишича, ҳозирда ҳукумат Тошкент ва Душанбе билан вертолётларни қайтариш бўйича музокаралар олиб бормоқда, бироқ машиналар қачон қайтарилиши ҳозирча маълум эмас. Унинг сўзларига кўра, афғон учувчилари ва расмийлари қўшни Тожикистон ва Ўзбекистонга 40 дан ортиқ вертолётларни олиб қочган.

Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Иноётулло Хоразмий, ўз навбатида, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматларига вертолётларни қайтариш бўйича ариза аллақачон берилганини, бироқ ҳозирча ижобий жавоб йўқлигини айтди.

Маълумотларга кўра, Афғонистонда аввалги ҳукумат даврида 164 дан ортиқ вертолёт бўлган, уларнинг аксарияти АҚШдан олиб келинган. Ҳисоботларга кўра, Қўшма Штатлар Афғонистон ҳаво кучларини қўллаб-қувватлаш учун сўнгги 20 йил ичида 8 млрд доллардан ортиқ маблағ сарфлаган.

Аввалроқ, Афғонистоннинг муваққат ҳукумати раҳбари ўринбосари Абдул Ғани Бародар Ўзбекистондан аввалги ҳукумат ағдарилганидан сўнг, афғон учувчилари мамлакатни тарк этган самолёт ва вертолётларни қайтаришга чақирган эди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 14−15 август кунлари Афғонистоннинг 22 та ҳарбий самолёти ва 24 та вертолёти Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтгани ҳақида хабар берилганди.