1hls.uz платформаси фойдаланувчиларини янада кўпроқ рағбатлантиш мақсадида ҳар ҳафта битта 100 млн сўм миқдорида пул мукофоти ва мингта велосипед ўйналади. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Вазирлик хабарига кўра, шаффофлик ва холисликни таъминлаш мақсадида жамоатчилик фаоллари, IT-мутахассислари, журналист ва блогерлардан иборат Жамоатчилик назорати кенгаши ташкил этилади ҳамда барча жараёнлар устидан қатъий назорат олиб борилади.

Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнуд Худойбердиевнинг ёзишича, ғолиблар ҳар ҳафта «Sport» телеканалида жонли эфирда тасодифий танлаб олиш механизми орқали аниқланади. Унинг сўзларига кўра, ғолибларни аниқлаш шаффоф ва холис бўлиши учун Жамоатчилик назорати кенгаши тузилди. Кенгашга депутат Расул Кушербаев раислик қилади, Хушнуд Худойбердиев ва блогер Никита Макаренко унга ўринбосар бўлади.

«Янги рағбатлантириш тизими ишга тушгани муносабати билан 2022 йил 16 январдан бошлаб кунига 10 минг қадам юрганларга 3 минг сўм бериш тўхтатилади. Лекин 15 январгача 1hls.uz платформасида 10 минг қадам юрган БАРЧА фуқароларга пуллар тўлиқ тўлаб берилади», — дея маълум қилди блогер.

Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг 30 октябрь куни «Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонини имзолаганди. Ҳужжатга кўра, аҳолини кунлик юриш ва югуришга тарғиб қилиш мақсадида «Соғлом турмуш тарзи» (www.1hls.uz) платформаси яратилиши белгиланганди.

Шунингдек, 2021 йилнинг ноябрь ойида Шавкат Мирзиёев Молия вазирлигига 2022 йилда «Соғлом турмуш тарзи» платформасини (1hls.uz) янада оммалаштириш учун қўшимча 60 млрд сўм ажратиш бўйича топшириқ берган эди.

Эслатиб ўтамиз, «Газета.uz» 1hls иловасини мобил телефонга юклаш, ундан фойдаланиш ва пулни банк картасига ўтказиш бўйича қўлланманиэълон қилган.