«Газета.uz» 1hls иловасини мобил телефонга юклаш, ундан фойдаланиш ва пулни банк картасига ўтказиш бўйича қўлланмани эълон қилган. Қуйидаги ҳаволада у билан танишиш мумкин.

Президент Шавкат Мирзиёев 30 октябрь куни «Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонини имзолади.

Ҳужжатга кўра, аҳолини кунлик юриш ва югуришга тарғиб қилиш мақсадида «Соғлом турмуш тарзи» (www.1hls.uz) платформаси яратилади.

Бир сутка давомида 10 минг ва ундан ортиқ қадам юрган 18 ва ундан юқори ёшдаги Ўзбекистон фуқаросининг электрон ҳамёнига 3 минг сўм, бир ойда бир марта туман (шаҳар) бўйича энг кўп юрган кишига 300 минг сўм, ҳудудлар бўйича энг кўп юрган кишига 500 минг сўм, республика бўйича энг кўп юрган кишига 1 млн сўм қўшимча равишда платформадаги электрон ҳамёнига ўтказилади.

Молиялаштириш аҳоли саломатлиги учун зарарли бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилардан махсус йиғим жорий этиш ҳисобидан амалга оширилиши ҳақида ҳам аниқлик киритилди.

Бундан ташқари, ҳар бир туман маркази ва шаҳарларда пиёда ва велосипедда юриш учун «Саломатлик йўлаклари»ни ташкил этилади. Бунда, қуйидагилар назарда тутилмоқда:

  • пиёдалар ва велосипед йўлакларининг умумий узунлиги 3−5 кмни ташкил этиши ҳамда ўзаро узвий боғлиқ бўлиши;
  • замонавий, энерготежамкор (ҳаракат сенсорлари билан жиҳозланган) ёритиш тизимлари ва ёруғлик қайтарувчи, йўлакларнинг бошланиши, оралиғи ва якунини кўрсатувчи йўл белгилари билан тўлиқ таъминланиши;
  • пиёдалар ва велосипед йўлакларини барпо этишда алоҳида ҳаракатланиш имкониятларини яратиш ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун «тўсиқсиз муҳит» ташкил этиш.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг ушбу фармонига асосан, 2021 йилдан бошлаб давлат органлари раҳбарлари ва барча ходимлари иш вақтидан сўнг ҳафтада камида бир марта жисмоний тарбия билан шуғулланишади. Раҳбарлар шахсий наъмуналари орқали семизлик даражасини камайтириш, вазн кўрсаткичларини яхшилаш, саломатликни мустаҳкамлаш учун қаратилган чора-тадбирларни амалга оширади. Давлат органлари жамоа шартномаларида ишлаб чиқариш гимнастикаси машқлари жорий қилинган эди.

«Газета.uz» 1hls иловасини мобил телефонга юклаш, ундан фойдаланиш ва пулни банк картасига ўтказиш бўйича қўлланмани эълон қилган. Қуйидаги ҳаволада у билан танишиш мумкин.