Тошкент вилояти Зангиота туманидаги Назарбек шаҳарчасида мактаб ва болалар боғчаси қуриш учун мўлжалланган ер участкаси ноқонуний равишда тадбиркорга ўтказиб берилди. Суд қарорига қарамай, у ерда қурилиш ишлари бошланган.

Қонунбузарлик тўғрисида ариза Сенатга юборилди. 11 январь куни сенаторлар Одилжон Иминов (Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси) ва Малика Қодирхонова (Хотин-қизлар ва гендер тенглиги масалалари қўмитаси раҳбари) вазиятни ўрганиш мақсадида қурилиш объектига ташриф буюришди, деб хабар берди парламент юқори палатаси матбуот хизмати.

Қурилиш майдонига ҳокимликнинг масъул ходимлари, маҳалла ва ички ишлар органлари вакиллари ҳам таклиф этилди. Ўрганиш натижасида қурилишнинг ноқонуний эканлиги тасдиқланди ва ишлар тўхтатилди.

Аҳолига ушбу майдончада, аввал режалаштирилганидек, мактаб ва мактабгача таълим муассасаси қурилади, дея ваъда берилди.