3 январь куни Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманида «Тўйтепа-Озодлик» йўналишида келаётган юк поезди фуқарони уриб кетди.

Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти хабар беришича, «Боёвул» МФЙда яшаган фуқаро Н.А темирйўл изи атрофида қулоқчин тақиб, чорва молларини боқаётган бўлган. Бахтсиз ҳодиса оқибатида у воқеа жойида вафот этган.

«Milliy» телеканалининг информацион дастурида маълум қилинишича, фуқаро 26 ёшда бўлган. Воқеага темир йўлнинг бошқа томонида мол боқиб юрган марҳумнинг қариндоши гувоҳ бўлган.

«Темир йўлнинг ўнг тарафида мол боқиб юрган эдим. Амакимни ўғли — Нодир акам чап тарафда мол боқиб юрганди. Поезд 200 метрлар қолганида тут дарахтлари орқасида тургандим, у сигналдан кейин кўринди. Кичкина ариқ бор эди, ариқдан 5 метр ўтганимда, поезд яхшигина тезлик билан келаётганди — уриб нариги чеккага чиқариб ташлади», — дейди воқеа гувоҳи.

«Боёвул» маҳалласи раиси Ëдгор Саидбоевнинг таъкидлашича, у ва ички ишлар ходимлари ҳалокат жойига етиб борганида марҳумнинг қўлоғида қулоқчин бўлган. «Воқеа жойига борганимизда у фойдаланган телефони мусиқаси эшитиладиган даражада (баланд) тургани гувоҳи бўлдик», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилоятида бў каби бахтсиз ходиса аввал ҳам содир бўлган. 2020 йилда икки нафар аёл қулоқчинларни тақиб юрган вақтида поезд уриб кетганди. Улардан бири воқеа жойида вафот этганди.