2021 йилда тижорат банклари томонидан 59 570 нафар фуқарога қарийб 9,8 трлн сўм миқдорида ипотека кредитлари ажратилган. Ушбу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан 700 млрд сўмга кўпроқ ҳисобланади. Бу Марказий банкнинг 2021 йилда ажратилган ипотека кредитлари бўйича маълумотида акс эттирилган.

Фото: Марказий банк матбуот хизмати

Маълумотларга кўра, охирги 5 йилда тижорат банклари томонидан жами 35,6 трлн сўмлик ипотека кредитлари ажратилган. Йиллар ҳисобида эса кўрсаткичлар қуйидагича:

  • 2020 йилда — 9,1 трлн сўм;
  • 2019 йилда — 7,9 трлн сўм;
  • 2018 йилда — 4,8 трлн сўм;
  • 2017 йилда — 4 трлн сўм.

Шунингдек, 2022 йил 1 январь ҳолатига кўра, ипотека кредитлари қолдиғи 35,8 трлн сўмга етган.

Ҳудудлар кесимида энг кўп кредит Тошкент шаҳри (2,67 трлн сўм), Самарқанд (883,6 млрд. сўм), Андижон (780,8 млрд. сўм) вилоятлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Энг кам ипотека кредитлари эса Жиззах (252,6 млрд сўм) ва Сирдарё вилоятида (259,7 млрд сўм) ажратилган.

Ажратилган кредитларнинг 7,35 трлн сўми ёки 78 фоизи бирламчи бозордаги уйларга, 2,44 трлн сўми ёки 22 фоизи иккиламчи бозордаги уйлар учун йўналтирилган. Ушбу кредитларнинг 42 фоизи хотин-қизлар ҳисобига тўғри келади.

2021 йилда ажратилган ипотека кредитларининг молиялаштириш манбалари орасида асосий улуш Молия вазирлиги маблағлари (6,97 трлн сўм) ҳисобланади. Бундан ташқари, Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси маблағлари (1,96 трлн сўм) ҳамда банкларнинг ўз маблағлари (867,1 млрд сўм) ҳам молиялаштириш манбалари сифатида кўрсатиб ўтилган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг август ойида Марказий банк ушбу йилнинг биринчи ярмида ипотека бозоридаги вазият юзасидан изоҳ берган эди. Унга кўра, охирги йилда ипотека кредитлари бўйича қолдиқлар 25,2 фоизга — 30,8 трлн сўмга қадар ошди, муаммоли ипотека кредитлари қолдиқлари ҳам 4 баробардан кўпроққа ўсиб, 480 млрд сўмга етганди.