Ўзбекистон бош вазири қабулхоналари ва Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги негизида Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳамда туман (шаҳар)ларда Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш марказлари ташкил этилади. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Янги тизимнинг яратилиши ҳақида давлат раҳбари 2 декабрь куни бўлиб ўтган аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури ижросини самарали ташкил этиш, ипотека кредитлашни кенгайтириш ва қурилиш материаллари саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирларига бағишланган видеоселекторда эълон қилган.

«Ушбу тизимни самарали йўлга қўйишга барча ҳудуд ва сектор раҳбарлари масъул», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда шунингдек, ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, бандликни таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси фаолиятини ташкил этиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Ҳоким ёрдамчилари 1 январдан барча маҳаллаларда фаолиятини бошлайди.

Бир йил давомида доимий фаолият юритадиган «Маҳаллабай ишлаш штаби» тузилади. Ҳар бир туман ва шаҳарга вазирлик, марказий идоралар ва банклардан 1−3 нафардан масъул ходим бириктирилади.

Улар 1 йилга туманга хизмат сафарига юборилади ва иш жойи, ойлик иш ҳақи сақлаб қолинади. Ўзини яхши кўрсатган ҳоким ёрдамчилари ва республика вакиллари мукофотланади, йил натижалари бўйича эса «Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси» кўкрак нишонига тавсия қилинади. Уларга ипотека асосида квартира олишда 50 фоизгача субсидия ажратилади.

Эслатиб ўтамиз, 21 сентябрь куни Шавкат Мирзиёев сайловолди ташвиқоти даврида қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашувда маҳаллаларда «ҳоким ёрдамчиси» лавозими жорий этиш таклифини билдирган эди. Жумладан, Қорақалпоғистоннинг 422 та маҳалласида «ҳоким ёрдамчиси» лавозими жорий қилиниши айтилганди.

Давлат раҳбарининг таклифига кўра, ёрдамчилар маҳаллада тадбиркорларнинг лойиҳаларига ёрдам беради, касб-ҳунарга ўқитиш, томорқа, бўш ер ва бинолардан унумли фойдаланишни ташкил этади. Бу орқали янги иш ўринлари яратиш, жон бошига даромадни ошириш ва камбағалликни қисқартиришга масъул бўлади.

Ноябрь бошида республиканинг барча маҳаллаларида (жами 9259 та) ҳоким ёрдамчилари лавозимлари жорий этилаётгани ва бунга президент топшириғида айтилганидек ёшлар орасидан эмас, балки ҳудудларда тажрибага эга молия-иқтисодиёт сектори ходимлари мажбуран тайинланаётгани ҳақида ёзган эдик.

Ноябрнинг ўрталарида адлия вазири Русланбек Давлетов маҳаллада ҳоким ёрдамчиси лавозимига мажбурий тайинловларни «ноқонуний», дея атаганди. «Ҳеч кимни мажбур қилишга ҳаққи йўқ… Тазйиқлар бўладиган бўлса мурожаат қилиши мумкин», — деганди у. Вазир шунингдек, касбни эркин танлаш конституциявий ҳуқуқ эканлигини эслатиб ўтган.