Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг фармойиши билан ҳудуд маҳаллаларидаги ҳоким ёрдамчилари униформаси учун жами 855 млн сўм миқдорида маблағ ажратилди. Ҳокимнинг 24 декабрдаги қарори E-Qaror тизимига жойлаштирилган.

Маблағлар вилоят маҳаллий бюджети даромадлар режасининг 2021 йил учинчи чорак якуни бўйича орттириб бажарилган қисми ҳисобидан ажратилди. Вилоят ҳокимлиги моддий техника базасини мустаҳкамлаш учун эса 130 млн сўм ажратилди.

Намунавий тузилмага мувофиқ шаҳар ҳокимликларига (маъмурий марказларга) 214 нафар ҳоким ёрдамчиси, вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар ҳокимликларига — 68 нафар, туманлар ҳокимликларига — 109 нафар ходим ажратилган. Андижон вилоятида 14 туман, 1 маъмурий марказ (Андижон) ва 1 вилоят бўйсунувидаги шаҳар (Хонобод) бор. Шундай қилиб, вилоят ҳокимларининг ёрдамчилари учун 1808 нафар ёрдамчидан иборат максимал штат ажратилган, шу жумладан 14 та туман учун 1526 та, Андижон учун — 214 та, Хонобод учун эса — 68 та.

Ҳоким ёрдамчиларининг ойлик иш ҳақи улар бириктирилган маҳалладаги хонадонлар сони 500 тагача бўлса — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 6 баравари (4,93 млн сўм), агар хонадонлар сони 1 000 тадан ортиқ бўлса — МҲТЭКМнинг 7 баравари (5,75 млн сўм) миқдорида белгиланади. Ҳоким ёрдамчилари ойлиги номзоднинг ушбу лавозимга ишга қабул қилингунга қадар аввалги иш жойидаги маошидан кам бўлса, етишмаган қисми ҳоким ёрдамчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан компенсация қилиб борилади.

Бундан ташқари, вилоят бюджетининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига — 970 млн 500 минг сўм сўм миқдорида маблағлар ажратилди.