Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Юсуп Қобулжонов Қозоғистондаги воқеалар юзасидан ахбороти эълон қилинди.
Унда ТИВ қўшни Қозоғистондаги вазиятни мунтазам равишда кузатиб бормаётганини таъкидлаган. Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги дипломатик ваколатхоналари — Нур-Султондаги Элчихонаси, Олма-ота ва Ақтаудаги бош консулликларида тезкор штаблар ташкил этилган.
«Қийин аҳволда қолган фуқароларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Талабалар билан алоқа ўрнатилди. Уларга зарур ёрдам кўрсатиш ишлари олиб борилмоқда. Нур-Султон шаҳридаги аэропортда парвозини кутаётган фуқаролар иссиқ овқат билан таъминланган. Қозоғистон ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари билан уларнинг қариндошлари ва яқинлари ўртасида алоқа ўрнатишда тезкор ёрдам кўрсатилмоқда», — дейилади хабарда.
Олма-отадан Ўзбекистонга қайтишни хоҳловчи фуқаролар рўйхати тузилди. Улар «Uzbekistan Airways» компаниясининг навбатдаги рейслари орқали Ватанга қайтарилади. Ҳозирда Олма-ота аэропорти ёпиқлигича қолмоқда.
Ўзбекистоннинг дипломатик ва консуллик муассасалари Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари билан жойларда доимий алоқада эканлиги таъкидланган. Ҳозирда Ўзбекистон фуқароларининг ҳибсга олингани ҳақида маълумот йўқ.
У шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича Ўзбекистон Республикасининг Нур-Султон (телефон рақами: +77710203673), Олма-ота (телефон рақами: +77779504433) ва Ақтау (телефон рақами: +77775990051) шаҳарларидаги дипломатик ваколатхоналарига мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтган.