5 январь куни кечқурун қашқадарёлик автоблогер Мақсуд Музаффаров вилоят ҳокимлигига тегишли 70 005 DAV рақамли Trailblazer автомобили йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузаётгани акс этган видеони эълон қилди.

«Daryo» нашри автомашина вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари Улуғбек Узоқовга тегишли эканлигини аниқлади.

Видео лавҳада чорраҳада автомобиль биринчи йўлакдан ётиқ чизиқни кесиб ўтиб, қизил чироқда ортга қайрилиб олгани акс этган. Шу билан бирга, чорраҳа ёнида милтилловчи чироғи ёниб турган ЙПХ машинаси борлиги ҳам тасвирларга тушиб қолган.

Вилоят ЙҲХБ бошлиғи Азиз Садировга мурожаат қилган блогер: «Вилоятимизда DAV рақами бўлган автомобилларга имтиёз берилганми?.. Ушбу автомашинанинг бу ишларига сизни бошқарувингиздаги ЙҲХБ чора кўра оладими?», деб ёзган. Шунингдек, автомобиль ойналарини қорайтириш учун рухсатнома бор ёки йўқлигини текширишни сўраган.

Фото: ИИВ ЙҲХББ.

6 январь куни эрталаб Ўзбекистон ИИВ Жамоат хавфсизлиги бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати йўлтанламас автомашинани жарима майдончасига қўйилганини маълум қилди. Ҳайдовчи, 1976 йилда туғилган Э.Т. учта йўл ҳаракати қоидаларини — қатъий белгиланган чизиқни кесиб ўтиш, светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланиш ва бурилиш қоидаларини бузгани учун маъмурий жавобгарликка тортилди. Бундан ташқари, автомашина ойналари рухсатсиз қорайтирилгани маълум бўлди.

Расмий транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик ҳолатлари ҳақида хабарлар мунтазам равишда пайдо бўлиб туради. Баъзан улар жиддий оқибатларга олиб келади. Кўпинча ҳайдовчилар қонунбузарликлар ҳақида маълумотлар тарқалиб бўлгандан кейингина жавобгарликка тортилади.

Ўтган йил охирида Наманган вилояти Чуст тумани ҳокимлигининг 3 та автомашинаси йиғилиб қолган 20,7 млн сўм жарималари ҳақида ОАВда маълумот эълон қилинганидан сўнг, жарима майдончасига жойлаштирилди, жарималарнинг бир қисми 2018 йилга тегишли эди. Кўплаб хавфли йўл ҳаракати қоидалари бузилишига қарамай, ҳайдовчилар йиллар давомида жазодан қутулиб қолишган.

Ноябрь ойида Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ тумани ҳокимининг Captiva русумли автомашинаси ҳайдовчиси тезликни оширгани учун йўлдан чиқиб кетиб, дарахтга осилиб қолган эди.

2020 йил декабрь ойида Қашқадарё вилояти Косон тумани ҳокимининг Captiva русумли автомашинаси 60 ёшли пиёдани уриб юборганди, оқибатда у вафот этганди. Расмий хабарлар эса ОАВда эълон қилинган маълумотлардан кейин пайдо бўлганди.

Ўзбекистонда давлат органлари автомобиллари учун махсус сериали DAV («давлат» — «давлат» сўзидан) рақамлари ўтган йилнинг ёзида жорий қилинган эди.