Қозоғистонда сешанба куни кечқурун Telegram, WhatsApp va Signal интернет-мессенжерлари очилмай қолди, деб хабар берди мамлакат ОАВлари. «Газета.uz»нинг Қозоғистондаги манбалари ушбу маълумотни тасдиқлашди.

2 январдан бери қўшни давлатда намойишлар бўлиб ўтмоқда. У Қозоғистоннинг Мангистау вилояти Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи икки бараварга (60 тенгедан 120 тенгега) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқиши билан бошланган эди. Шундан кейин, намойишлар Актау вилояти марказида ҳам бўлиб ўтди, сўнгра Қозоғистоннинг бошқа ҳудудларига, жумладан пойтахт Нур-Султон шаҳрига ва собиқ пойтахт Олмаотага ҳам тарқала бошлади.

Аввалроқ, президент Қасим-Жомарт Тоқаев муаммога «ўзаро мақбул ечим» топиш мақсадида Ақтауда ҳукумат комиссияси иш бошлаганини айтди, улар фаоллар билан мулоқот ўтказди. Сешанба куни Мангистау вилоятида «Казмунайгаз» «Казмунагаз» миллий компаниясининг ижтимоий масъулияти доирасида суюлтирилган газ нархи 50 тенгегача арзонлаштирилгани хабар берилганди.

Митингларда янграган ёқилғи нархини туширишга чақириқлар аста-секин турмуш даражасини кўтариш талаблари билан алмашди, деб ёзмоқда Vlast.kz.

Хабар эълон қилинган вақтга кўра, намойишлар ҳали ҳам давом этмоқда. Олмаотада намойишчиларнинг ҳибсга олинаётгани ва мобиль интернет узиб қўйилгани ҳақида маълум қилинмоқда.

Сешанба куни кечқурун президент Қасим-Жомарт Тоқаев Twitter орқали намойишчиларга «жамият барқарорлиги ва бирлигига раҳна солишдан манфаатдор бўлган бузғунчи шахсларнинг чақириқларига эргашмасликни» сўраб, мурожаат қилди.

«Ижтимоий-иқтисодий характердаги талаблар алоҳида, жумладан, эртага пойтахтда бўлиб ўтадиган йиғилишда кўриб чиқилади», — деб ёзди у.