Президентнинг 31 декабрдаги «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда экологик назорат соҳасидаги давлат органлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатга мувофиқ, Давлат экология қўмитасига 2022 йил 1 декабрга қадар Экологик кодекс лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси юклатилди. Кодексни кенг жамоатчилик, илмий-тадқиқот институтлари, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакилларини жалб этган ҳолда ишлаб чиқиш белгиланган.

Лойиҳа қуйидагиларни назарда тутиши лозим:

  • экологияга оид қонунчилик ҳужжатларини тизимлаштириш ва ихчамлаштириш;
  • атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида жамоатчилик назоратининг роли ва таъсирини ошириш;
  • биохилма-хилликни асраш, тиклаш ва кўпайтиришнинг аниқ механизмлари ва рағбатлантириш тизимини жорий этиш;
  • атроф-муҳитни муҳофаза қилишда давлат ташкилотлари ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
  • экологик назорат ва мониторинг турларини амалга ошириш тартиби, шу жумладан, «яшил иқтисодиётни» рағбатлантириш чоралари;
  • экологик экспертизани амалга ошириш тартиби.

Бундан ташқари, ҳужжат билан 1 февралдан бошлаб вилоятлар ва туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозими тугатилиб, қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими ташкил этилади.

Тошкент шаҳри ва унинг туманлари ҳокимларининг архитектура, капитал қурилиш, коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозими тугатилиб, қурилиш, коммуникацияларни ривожлантириш, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозими киритилади.

Вазирлар Маҳкамаси аппарати тузилмасидаа 3 нафар ходимдан иборат бўлган Экологик назорат бўлими ташкил этилади.

Шу билан бирга, бундан буён Давлат экология қўмитаси раиси Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аъзоси ҳисобланади.

Вилоятлар ва Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари бошлиқлари Давлат экология қўмитаси раиси томонидан бевосита лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

Қорақалпоғистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Давлат экология қўмитаси билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

Аввалроқ, Дарахтларни кесишга мораторий муддатсиз даврга узайтирилгани ҳақида ёзгандик. Эндиликда ноқонуний дарахт кесиш ҳолатларини суратга олиб юборганларга ҳам пул тўланади.