Бекобод шаҳар ҳокимлигининг бош мутахассиси муқаддам бир неча бор судланган қариндоши билан бирга ўзганинг ишончига кириб, ундан ноқонуний равишда 128 минг АҚШ доллари олган вақтида қўлга тушгани айтилмоқда.

Бу ДХХ Тошкент вилояти бўйича бошқармаси, вилоят прокуратураси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда аниқланган, деб хабар бермоқда ЎзА.

Таъкидланишича, ҳокимлик вакили ушбу пуллар эвазига мактабгача таълим муасссаси биносини хусусийлаштириб олишда ва шаҳар ҳудудидан 1 гектар ер майдони ажратилишида ёрдам беришни ваъда қилган.

Ноқонуний ер сотиш билан боғлиқ ҳолат Самарқанд вилоятида ҳам қайд этилди. Ургут туманидаги узум етиштиришга ихтисослашган фермер хўжалигининг 20 сотих ер майдонидан ижара асосида фойдаланиб келаётган фуқаро, ушбу ернинг 10 сотихини бошқа бир фуқаро номига расмийлаштириб беришни ваъда қилгани айтилмоқда. Бунинг эвазига эса ундан 12 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган.

Яна бир ҳолатда, 1961 йил Жиззах вилоятида туғилган, муқаддам бир неча бор судланган шахс тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога Тошкент шаҳрида жойлашган ва тендер баҳоси 5 млрд сўм бўлган бино ҳамда ер участкасини олишда ёрдам беришни ваъда қилган. У бунинг эвазига 25 минг АҚШ доллари талаб қилгани айтилмоқда.

ДХХ ходимлари томонидан Департаментнинг Тошкент вилояти бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган пул маблағидан 2 минг долларни аванс сифатида олганида қўлга тушган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.