Ўзбекистон ИИВ ЙҲХБ янги йил кунларида пойтахтдан Тошкент вилоятининг Бўстонлик туманидаги Чимён тоғига олиб борадиган йўлларда вақтинчалик йўл ҳаракати ташкил этилиши ҳақида маълум қилди.

31 декабрь ва 1 январь кунлари «Янги Ўзбекистон боғи» атрофида айрим йўлларда транспорт воситалари ҳаракати вақтинча чекланади. Мамлакатнинг асосий арчаси ўрнатилган боғга ташриф буюрувчилар учун иккита вақтинчалик автотураргоҳ ташкил этилган. Улардан бири Паркент кўчаси бўйлаб 4 км, иккинчиси 4Р12 автойўли томондан Чирчиқ дарёсигача 1,7 км масофага чўзилган.

Эслатиб ўтамиз, қишки таътил охиригача метронинг «Дўстлик» станциясидан «Янги Ўзбекистон» боғига қадар бепул автобуслар ҳаракати йўлга қўйилган.

Шунингдек, 31 декабрдан 10 январгача Бўстонлиқ туманининг «Амирсой» тоғли дам олиш масканларига олиб борувчи 4Р6 «Тошкент- Чимён» йўлининг 57- ва 92-километрлари ҳамда 4Р10 «Чорвоч сув омбори — Ҳалқа йўли» йўлининг 0 — 12-километрларида вақтинчалик бир томонлама ҳаракатланиш ташкил этилади.

ЙҲХББ ҳайдовчиларни йўл-патруль хизмати инспекторлари кўрсатмаларига риоя этишга чақирди.

Худди шундай чекловлар Чимён тоғларидаги дам олиш ҳудудларига йўналган кўп миқдордаги автотранспорт сабабли ўтган йили ҳам жорий этилган эди.