Сирдарё вилояти ҳокимлигининг 477,9 млн сўмга KIА Sorento Comfort хизмат автомобили хариди бўйича шартномаси бекор қилиниб, маблағлар «Саховат ва кўмак» жамғармасига йўналтирилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

21 декабрь куни вилоят ҳокимлиги томонидан 477,9 млн сўмга KIА Sorento Comfort хизмат автомобили харид қилинган эди.

«Ушбу ҳолат ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлиб, тармоқ фаоллари ўз қарашларини баён этди. Кенг жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда ҳокимлик ҳамда автомобиль етказиб берувчи автосалон ўртасида тузилган шартнома бекор қилинди», — дейилади ҳокимлик хабарида.

Ҳокимлик хабарига кўра, маблағлар маҳаллий бюджетга тикланган ҳолда вилоятдаги эҳтиёжманд, ижтимоий ёрдамга муҳтож, ногиронлиги бор, боқувчисини йўқотган оилаларни янада қўллаб-қувватлаш учун «Саховат ва кўмак» жамғармасига йўналтирилган.

Эслатиб ўтамиз, ҳукумат қарорига кўра, вилоят ҳокимларига фақат битта, қиймати БҲМнинг 2000 бараваригача бўлган (ёки 540 млн сўмгача) хизмат автомашинаси харид қилиниши мумкин. Қайд этилишича, Сирдарё вилояти ҳокими Ғофур Мирзаевга Toyota Prado хизмат автомобили бириктирилган.

Ушбу ҳолат бўйича Сирдарё вилояти маҳаллий бюджети маблағларини ишлатилишини ҳамда давлат ҳаридлари тўғрисидаги талабларни етарли назорат қилмаганлиги учун Сирдарё вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Анвар Каримовга «ҳайфсан» интизомий жазо чораси қўлланилган.

«Сирдарё вилояти ҳокимининг биронта ўринбосари 478 млн сўмлик Kia Sorento Comfort минишга ваколатлари бўлмаган. Ҳукумат қарорида давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида автотранспорт воситаларини бириктиришда назарда тутилган лавозимлар ва меъёрларга қатъий риоя қилиниши тегишли давлат органи раҳбари зиммасига юкланади, деб қўйилган. Яъни бу масалада тўғридан-тўғри жавобгар Мирзаевнинг ўзи», — дея ёзди иқтисодчи Отабек Бакиров.