29-декабр куни эрталаб Наманган ва Андижон аэропортларида кўриш имконияти ёмонлиги сабабли самолётлар учиш ва қўнишни амалга ошира олмади, деб хабар берди «Uzbekistan Airports» матбуот хизмати.

Кучли туман туфайли — кўриш масофаси 50 метр атрофида бўлган — «Урал» авиакомпаниясининг Қозондан парвоз қилаётган SVR2161 рейси соат 8:48 да Наманганга қўна олмади ва Тошкентдаги захира аэродромига йўналтирилди.

Яна бир HY9620 рейси ҳам об-ҳаво шароити ноқулайлиги туфайли Наманганга қўнишни амалга ошира олмади ва Фарғонадаги захира аэродромга жўнатилди.

Шу каби ҳолат Андижон аеропортида ҳам кузатилган. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпаниясининг Москвадан учган HY-622/621 рейси соат 10:45 да белгиланган аэропортга қўна олмай, Фарғонадаги захира аэродромга юборилган.

Метеорология хизмати прогнозига кўра, ушбу аэропортлар об-ҳаво шароити туфайли тахминан соат 14:00гача ёпиқ бўлади. Режалаштирилган барча рейслар энг яқин захира аэродромларга йўналтирилади.