COVID-19 инфекциясига чалиниш ҳолатлари бўйича жаҳон рекорди ўрнатилди

27 декабрь куни дунёда 1,44 миллиондан ортиқ янги COVID-19 ҳолатлари аниқланди. Johns Hopkins университети маълумотларига кўра, бу касалланиш бўйича янги жаҳон рекорди ҳисобланади. Бу ҳақда Коммерсантъ нашри хабар берди.

Шу билан бирга, сўнгги ойларда ўлим даражаси бироз ошгани қайд этилди. Охирги етти кун давомида ўлимнинг ўртача даражаси октябрь ойининг ўрталаридан бошлаб, омикрон тарқалишига қарамай, тахминан 7 мингтадан ошмаган.

Cўнгги тадқиқотларга таяниб, омикрон коронавируснинг бошқа штаммларига қараганда 70 марта тезроқ юқиши маълум қилинди. Лекин у келтириб чиқарадиган касаллик, айниқса, одам эмланган ва қайта эмланган ҳолларда енгилроқ ўтади. Шу сабабли ўлим сони ортиб кетмаган — Bloomberg.


2021 йилда 10 та табиий офат дунё иқтисодиётига 170 млрд доллардан ортиқ зарар етказди

2021 йилда содир бўлган молиявий жиҳатдан энг муҳим ўнта табиий офат жами 170 миллиард доллардан ортиқ зарар келтирди, бу ўтган йилгидан қарийб 20 млрд долларга кўп ҳисобланади. 27 декабрь куни Буюк Британиянинг Christian Aid гуманитар ташкилоти етказилган зарарнинг умумий миқдорининг қарийб 13 фоизга ошганини қайд этди. Бу ҳақда Deutsche Welle нашри хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, август ойи охирида АҚШ шарқида содир бўлган ва Нью-Йорк ҳудудида кучли сув тошқинига сабаб бўлган «Ида» тўфони 2021 йилда энг катта молиявий таъсир кўрсатган табиий офат бўлди. Ушбу офат етказган зарар 65 млрд долларга баҳоланди.

Иккинчи ўринда — июль ойида Германия ва Бельгиядаги сув тошқинлари, жами 43 млрд доллар зарар етказган. Рўйхатга АҚШнинг Техас штатидаги кескин совуқ ва Хитойнинг Хенан провинциясидаги сув тошқини ҳам киритилган.


«Толибон» Кобулда намойишчи аёлларга қарата ўқ узди

Афғонистонда «Толибон» ҳаракати жангарилари сешанба куни Кобулда намойиш уюштирган аёлларга қарата ўт очди. Бу ҳақда Афғонистоннинг Asvaka агентлигига таяниб ТАСС хабар берди.

Хабарга кўра, воқеа Италиянинг Emergency гуманитар ташкилоти шифохонаси ҳудудида содир бўлган. Қурбонлар ва ярадорлар ҳақида хабар берилмаган.


Исроил декабрь ойида Сурия портига иккинчи марта зарба берди

28 декабрь куни Исроил Суриянинг Латакия портига ҳаво ҳужуми уюштирди ва контейнер сақланадиган ҳудудни ёқиб юборди. Ушбу декабрь ойидаги иккинчи ҳужумда яқин атрофдаги биноларга зарар етказилди. Бу ҳақда Сурия давлат матбуотга таяниб Reuters ахборот агентлиги хабар берди.

Исроил армияси матбуот котиби изоҳ беришдан бош тортган. «Биз хорижий хабарларга изоҳ бермаймиз», — деган матбуот котиби.

Сурия матбуоти хабарларида қурбонлар ҳақида ҳеч нарса айтилмаган.


Япония ҳукумати ёлғизликка қарши кураш дастурини қабул қилди

Япония ҳукумати 28 декабрь куни фуқароларнинг ёлғизлик муаммоларини енгиллаштиришга қаратилган дастурини қабул қилди. Дастур ушбу масалалар бўйича кечаю кундуз маслаҳатлашув тизимини яратишни назарда тутади. Шунингдек, бўйдоқлар секин-аста мулоқотга киришишлари ва ишга жойлашиш имкониятига эга бўлишлари мумкин бўлган турли платформалар ташкил этиш режалаштирилмоқда, деб хабар берди ТАСС.

Хабарга кўра, Япония ҳукумати ёлғиз фуқароларга ёрдам бериш мақсадида уларнинг сонини аниқлашга қаратилган умуммиллий аҳоли рўйхатини ўтказиши мумкин. Февраль ойида ёлғиз резидентлар бўйича вазир лавозими таъсис этилди. У ҳозирда туғилиш даражасининг пастлиги бўйича вазир Сэйко Нода ҳисобланади.

Ёлғизлик билан чамбарчас боғлиқ бўлган ўз жонига қасд қилиш муаммоси 2020 йилда Японияда 11 йил ичида биринчи марта кўтарилган. 2020 йили мамлакатда 21 мингдан ортиқ киши ўз жонига қасд қилган, бу ўтган йилга нисбатан 912 нафарга кўпдир. 2019 йилда мамлакатда 1978 йилдан бери энг кам ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари қайд этилган. Уларнинг сони кетма-кет ўн йил давомида камайиб бормоқда, аммо коронавирус эпидемияси бу ижобий тенденцияни тўхтатди.


Туркманистон президенти Россия вакциналари туфайли мамлакатда ҳеч ким коронавирусга чалинмаганини айтди

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов мамлакатда ҳозирча коронавирус инфекцияси қайд этилмаганини айтди. Бунга Россиянинг COVID-19 га қарши вакциналари туфайли эришилди, деди у. Бу ҳақда Коммерсантъ нашри хабар берди.

Бердимуҳамедов Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг Санкт-Петербургдаги норасмий саммитида сўзлаган. Унинг сўзларига кўра, Туркманистон аллақачон учта рус вакцинасидан — «ЭпиВакКорона», «Спутника V» ва унинг «Спутник Лайт»нинг бир компонентли версиясидан фойдаланишга рухсат берган.