Хўжаобод туманида «Ипак йўли» банкининг Андижон филиалидан қарздор бўлган МЧЖнинг мол-мулки электрон аукционда сотилмагач, банк ҳисобига ўтказиб берилди.

ЎзА ёзишича, мазкур иш ФИБ Хўжаобод туманлараро судида кўриб чиқилган. Суд ҳукмига кўра, қарздор тумандаги МЧЖ ҳисобидан банк фойдасига 1 млрд 241 млн 965,4 минг сўм кредит қарздорлигини ундириш белгиланган.

Бунда ундириладиган маблағ қарздорнинг кўчмас мулклари ва битта автотранспорт воситасига қаратиш тўғрисида тегишли чоралар кўрилган.

Жумладан, қарздор жамият белгиланган муддатда қарздорликни ихтиёрий тарзда қопламаганлиги сабабли мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилган.

Хусусан, қаздорнинг гаровга қўйилган учта кўчмас мулки ҳамда Hyundai porter русумли автотранспорт воситаси хатланиб, «e-ijro auksion» ягона электрон савдо майдончаси орқали савдога чиқарилган.

Жамиятнинг кўчмас мулк ва автотранспорт воситаси такрорий электрон-онлайн аукцион савдоларида сотилмаган.

Шу сабабли «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 56-моддасига кўра, ундирувчи банкка 10 фоиз арзонлаштирилган нархда таклиф қилинган.

Бунда 765 млн сўм миқдордаги мол-мулклар банк балансига олингани маълум қилинган.