20 декабрь куни Бухоро вилоятида Миллий гвардия ходимини хизмат вақтида машина уриб кетиши оқибатида вафот этди, деб хабар берди ЎзА.

Маълум бўлишича, Миллий Гвардиянинг Бухоро вилояти Қўриқлаш бошқармаси сафдор ходимлари Ҳ.А. ва Н.О. 20 декабрь куни соат 05:15 ларда ўзларига бириктирилган Газли Нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли «Қумли ГТК мобил» йўналишининг 34−42 кмдаги йўналишни қўриқлашга юборилган.

Улар давлат рақами 80 209 PSP бўлган «Нива» хизмат автомобилида қўриқланадиган ҳудудга боради ва машинадан тушиб, йўналиш қувурининг таъқиқланган қисмидан ҳаракатланиб келаётган «УАЗ» русумли машина ҳайдовчисига тўхташ ишорасини беришади.

Бироқ, фуқаро А.А. ходимларнинг қонуний талабига бўйсунмасдан ҳаракатланишни давом эттирган. Шундан сўнг, Миллий гвардия ходими бўлган Ҳ.А.ни автомашинанинг олд қисми билан қасддан уриб юборган. Оғир тан жароҳати олган сафдор воқеа жойида вафот этган. Ҳайдовчи эса қочиб кетган.

Суриштирувлар натижасида гумонланувчи «Куйдим» маҳалласида яшовчи, 1977 йилда туғилган А.А. экани маълум бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят Кодексининг 97-моддаси 2-қисми «Г» банди (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Гумонланувчига «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.