Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонаси сотувга қўйилди, деб хабар бермоқда Давлат активларини бошқариш агентлиги.

У Ўзбекистонда халқаро меҳмонхоналар тармоғи бошқарувида бўлган ягона беш юлдузли меҳмонхона бўлиб, шаҳар марказида жойлашган.

Қайд этилишича, савдо жараёнига «KPMG Valuation and Consulting» МЧЖ активни хусусийлаштириш бўйича энг яхши таклифларни танлаш асосида, эксклюзив молиявий маслаҳатчи сифатида жалб этилган.

Беш юлдузли Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонаси 2016 йилда Тошкент марказида бунёд этилган ва «Hyatt» халқаро брендининг Ўзбекистондаги биринчи меҳмонхонасига айланган.

Умумий ер майдони 3,1 гектар, бино ва иншоотлар майдони 60,1 минг квадрат метрни ташкил этади.

Меҳмонхона 8 қаватдан иборат, мижозлар учун 300 та хона, жумладан, 248 та стандарт ва 52 та люкс/ярим люкс хоналарни ўз ичига олади.

Бундан ташқари бино ҳудудида халқаро сифат стандартлари даражасида жиҳозланган турли сиғимдаги бир нечта конференция заллари, шунингдек, 850 квадрат метр майдонга эга банкет зали, ёпиқ бассейн ва SPA маркази мавжуд.

Савдо жараёнларида иштирок этиш учун аризаларни топшириш бўйича расмий таклиф қўшимча эълон қилинади. Ариза топшириш жараёни барча манфаатдор томонлар учун очиқ бўлади.

Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасини хусусийлаштириш ҳақида илк бор 2020 йилнинг январида гап сўзлар тарқалганди. Ўшанда The Abu Dhabi Uzbek Fund инвестиция жамғармаси ҳисобидан 110 млн доллар эвазига хусусийлаштириш режалаштирилаётгани айтилганди. 2020 йилда меҳмонхона кредитларини қоплаш учун давлат бюджетидан 66,4 млрд сўм ажратилиши ҳам маълум бўлганди.

Жорий йилнинг августида эса сентябр ойидан 12 та давлат активи қаторида мазкур меҳмонхона ҳам сотувга қўйилиши хабар қилинди.

Давлат активларини бошқариш агентлиги раҳбари Акмалхон Ортиқовнинг маълум қилишича, 2021 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон давлат активларини хусусийлаштиришдан 105 млн доллар даромад кўрди. Унинг қайд этишича, жорий йилда 900 та объект сотувга қўйилган бўлиб, йил охирига қадар 600 млн доллар даромад кўриш кутилмоқда.