2016 йилда пойтахтда очилган беш юлдузли Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасини хусусийлаштириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда сешанба куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилинди.

Учрашув президентнинг 2019 йилда Бирлашган Араб Амирликлари ва Японияга қилган ташрифларидан сўнг эришилган келишувларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилишга бағишланди.

Хабар қилинишича, БАА иштирокида устав капитали 1 миллиард долларни ташкил этувчи The Abu Dhabi Uzbek Fund сармоявий жамғармаси ташкил этилган. Бугунги кунга келиб ушбу жамғарма маблағларидан кичик ва ўрта лойиҳаларни молиялаштириш, шунингдек, Самарқандда меҳмонхона қурилиши ва Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасини хусусийлаштириш учун маблағ ажратиш тасдиқланди.

«Газета.uz»нинг ҳукуматдаги манбаларининг аниқлик киритишича, Hyatt Regency Tashkent учун 110 миллион доллар жалб қилиш режалаштирилган. Ҳозирги вақтда меҳмонхона инвестицион компания жамоаси томонидан баҳолашдан ўтказилди. Ҳисобот, шу жумладан объектнинг молиявий модели жамғарма кузатув кенгашига тақдим этилади.

Ҳозирда Давлат активларини бошқариш агентлигининг баҳолаш ҳисоботи кутилмоқда, кейинчалик у музокаралар учун Амирликка тақдим этилади.

Меҳмонхона эгаси — «Пойтахт қурилиш ва хизмат» ДУК. Hyatt Regency Tashkent қурилиши қиймати 205 миллион долларни ташкил этади. Шу жумладан, «Халқ банки»нинг 7 йил муддатга жамғариб бориладиган пенсия тизимидан 100 миллиард сўмлик кредит (1 йиллик имтиёзли давр билан, йиллик 9 фоиз ставкаси билан) тақдим этилган эди. «Халқ банки» ва «Пойтахт қурилиш ва хизмат» ўртасида кредит шартномаси, истисно тариқасида, Марказий банк стандартларини қўлламасдан тузилган.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентнинг 2020 йилги бюджети лойиҳасида Hyatt Regency Tashkent кредитларини қоплаш учун 66,4 миллиард сўм ажратиш кўзда тутилган. Пойтахт маъмурияти матбуот хизматининг «Газета.uz»га хабар беришича, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 февралдаги 49-сонли қарори асосида давлат бюджетидан маблағлар ажратилган (ҳужжат очиқ маълумотларда мавжуд эмас).