12 декабрь куни Қорақалпоғистондаги «Тасберген» кран атрофида номаълум шахслар «Қизил» китобга қиритилган жайрон ва ёввойи қуёнларни овлаган. Бу Экология қўмитасининг Нукус шаҳар, Тахиатош, Тахтакўпир тумани инспекторлари ҳамкорликда Тахтакўпир туманида ўтказган тезкор рейд тадбирларида аниқланган.

Маълумотларга кўра, таҳминан соат 14:00 ларда Тахтакўпир тумани «Қонираткол» ОФЙ чўл зонасининг «Тасберген» кран атрофида номаълум шахслар «Уаз 469» русумли ранги кулранг автомашина билан турган.

Рейд тадбири ўтказаётган инспекторлар уларни кўриб қолган. Номаълум шахслар инспекторларнинг яқинлашаётганлигини сезиб, воқеа жойидан яширинган. Ходимлар 5 км масофагача уларнинг изидан борган. Ноъмалум шахслар давлат инспекторларидан яширинишга эришган.

Чўл зонадаги улар турган жой кўздан кечирилганда воқеа жойидан ноъмалум шахсларга тегишли отилган патрон гилзаси, идиш-товоқ, пичоқ, болта, ёқилғи, қийим-бошлар топилган. Бундан ташқари, «Қизил» китобга қиритилган 14 дона жайрон ва 5 дона ёввойи қуён ташлаб кетилгани аниқланган.

Давлат инспекторлари ҳолат бўйича тегишли тартибда далолатнома тузиб, воқеа жойини видео тасвирга олган.

Ҳолат ҳақида Қорақалпоғистон Экология қўмитаси томонидан Орол табиатни муҳофаза қилиш прокуратурасига хабар қилинган.

Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида воқеа жойидан қочиб кетган ноъмалум шахслар Қораўзак туманида яшовчи М.М ва У.Х ҳамда Тахтакўпир туманида яшовчи Б.А, Н.Қ. лар эканлиги аниқланган.

Фуқаролар М.М ва У.Х ҳамда Б.А, Н.Қ. лар Вазирлар Маҳкамасининг 290-сонли қарори билан тасдиқланган низом талабларини бузган деб топилган. Бунинг натижасида Ўзбекистон ҳайвонот дунёсига 190 млн 350 минг сўмлик жуда кўп миқдордаги моддий зарар етказган.

Орол табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 202-моддаси 3-қисми «е», «ж» бандлари (жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда, «Қизил китоб»га киритилган ҳайвонот ёки ўсимлик дунёси турларини нобуд қилиш) билан жиноят иши қўзғатган.