Ноябрь ойида Ўзбекистон аҳолиси ва тадбиркорлик субъектларининг келгуси 12 ой учун инфляцион кутилмалари кескин ёмонлашди, дея маълум қилди Марказий банк сўров натижаларига берган шарҳида.


Ўтган ойда фуқаролар орасида кутилаётган ўртача инфляция даражаси 16,5 фоизни (октябрда 16,2 фоиз) ташкил этди — бу май ойидан бери кузатилган энг юқори кўрсаткич. Ой давомида инфляция кутилмаларининг ўртача даражаси 13,6 фоиздан 14,4 фоизгача кўтарилди. Бунгача кўрсаткич бир неча ой давомида нисбатан барқарор даражада сақланиб қолган эди — тахминан 13,6 фоиз.


Респондентларнинг аксарияти, аввалги ойдаги каби, инфляция 9−12 фоиз даражада бўлишини кутмоқда. Шу билан бирга, нархларнинг 13 фоиз ва ундан кўпроқ ошишини кутаётган респондентлар сони ноябрь ойида сезиларли даражада кўпайди.

Аҳолининг фикрича, нархларнинг ошишига асосан миллий валютанинг қадрсизланиши (сўровда қатнашганларнинг 47 фоизи), ёқилғи ва транспорт харажатларининг ошиши (43 фоиз), импорт товарлар ва бирламчи эҳтиёжлар учун мўлжалланган товарлар нархларининг ошиши (35 фоиз) таъсир кўрсатади.

Респондентларнинг 23 фоизи инфляцияни иш ҳақи ва нафақаларнинг ошиши билан боғламоқда, 10 фоизи асосий омил сифатида супермаркетлар ва бозорлар нархлари ўртасидаги юқори тафовутни кўрсатмоқда. 23 фоиз респондентлар товарлар тақчиллиги ва улгуржи савдо нуқталарининг қисқаришини кутмоқда. 13 фоиз респондентлар нархлар ошишига турар-жой нархлари ва ижара тўловлари, 12 фоизи эса коронавирус пандемияси ва касалликларнинг кўпайиши таъсир қилади, деб ҳисоблайди.


Тадбиркорлар орасида кейинги 12 ой учун инфляцион кутилмалар 14,8 фоиздан 15,6 фоизгача ўсди — бу август ойидан бери кузатилган энг юқори кўрсаткич. Ойнинг ўртача кўрсаткичи 11,7 фоиздан 13,4 фоизгача кўтарилди.

Сўровда иштирок этган тадбиркорларнинг аксарияти, худди аҳоли сингари, нархларнинг 9−12 фоиз оралиғида ошишини кутмоқда. Шу билан бирга, инфляцияни 13 фоиз ва ундан юқори даражада тахмин қилаётган респондентлар сони ортган.


Тадбиркорлар ҳам аҳоли каби ёқилғи ва транспорт нархларининг ошиши (49 фоиз) ҳамда сўмнинг қадрсизланишидан (44 фоиз) хавотирда. Бундан ташқари, келгуси йилда пандемия сабабли хом ашё ва эҳтиёт қисмлар етказиб беришнинг қисқариши кутилмоқда, бу эса уларнинг фаолияти билан боғлиқ импорт нархларининг ошишига (33 фоиз) ва бундай турдаги маҳсулотлар етказиб беришда узилишларга (16 фоиз) олиб келиши мумкин.

Бу нимани англатади

Инфляцион кутилмалар — бу аҳоли ва тадбиркорларнинг келгусидаги инфляция даражаси тўғрисида тахминлари бўлиб, улар иқтисодий қарорлар қабул қилишда мазкур кутилмаларни ҳисобга оладилар. Ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар, сотувчилар ва харидорлар инфляция кутилмаларидан келиб чиқиб, ўзларининг келажакдаги молия-кредит ва нарх сиёсатини тузадилар, даромадлар, харажатлар ва кутилаётган фойда миқдорини баҳолайдилар.

Истеъмолчилар прогнозлари яқин келажакдаги реал инфляцияга таъсир кўрсатади, бу эса корхона ишлаб чиқарадиган маҳсулотларга бўлган талаб ва нархлар шаклланишига таъсир қилади. Шундай қилиб, инфляцион кутилмалар — реал инфляция ўсишининг сабабларидан биридир. Шу нуқтаи назардан у мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг ижтимоий кайфиятни шакллантирувчи муҳим кўрсаткичидир.

2018 йилда Марказий банк инфляция рискларини дастлабки босқичда аниқлаш мақсадида нархларни мунтазам мониторинг қилиш амалиётини жорий қилди. Шу вақтдан бери регулятор жисмоний ва юридик шахслар ўртасида сўровлар ўтказиб келмоқда. Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроев ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш Марказий банкнинг устувор вазифаларидан бири эканини таъкидлаган эди.

«Қандай хавфлар кутилаётгани ва нархлар қандай шаклланаётганига баҳо бериш учун жойларда истеъмол нархлари динамикасини ўз вақтида кузатиб боришимиз зарур», — дея қайд этганди у.

Ноябрь ойида бензин, жумладан, Аи-80 нархининг кескин ошиши кузатилди. Монополияга қарши қўмита аралашувидан сўнг ёқилғи нархи барқарорлашди.

Шунингдек, Spot`нинг ёзишича, сўмнинг қадрсизланиши ноябрь ойининг ўрталаридан бошлаб тезлашди — долларнинг банклараро курси бир ойда кўпи билан 7 марта янгиланди. Агар октябрь ойида доллар Марказий банк курси бўйича йил бошидан буён атиги 2 фоизга қимматлашган бўлса, ноябрь ойи охирида ўсиш 3 фоизга етди.

Ноябрь ойи якунига кўра, озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг йиллик ўсиши 13,4 фоиз, ноозиқ-овқат товарлари ва хизматлар гуруҳлари бўйича эса мос равишда 7,9 ва 8,1 фоиз даражада ўсиш кузатилди.

Аввалроқ Марказий банк 2022 йил инфляция даражаси 8−9 фоизни ташкил этишини прогноз қилаётгани ҳақида хабар берилган эди.