Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва бошқа идоралар томонидан кўрилган чора-тадбирлардан сўнг биржада Аи-80 маркали автомобил бензини нархи пасайишни бошлади, дея хабар қилди қўмита матбуот хизмати.

Уч кун ичида ёқилғи нархи 9 фоизга арзонлашди. Агар 15 ноябрь куни биржа савдоларида Аи-80 русумли бензиннинг ўртача сотиш нархи бир тонна учун 10,13 миллион сўмни ташкил этган бўлса, 17 ноябрда 9,36 миллион сўмга, 18 ноябрда эса 9,18 миллион сўмгача пасайди.

Хусусан, мамлакатда ишлаб чиқариладиган бензиннинг асосий қисмини ишлаб чиқарувчи Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи маҳаллий хомашёдан олинадиган ёқилғи нархини 8 фоизга — 1 тоннасини 9,29 миллион сўмгача пасайтирди.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи бир тонна бензинни 8,36 миллион сўмга (-17%), «Саноат энергетика гуруҳи» (Jizzakh Petroleum) 8,32 миллион сўмга (-16%), нефть базалари ва бошқа кичик ишлаб чиқарувчилар 8,56 миллион сўмгача (-17%) туширди.

Бундан ташқари, Бухоро ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводлари бензинни 1 тоннагача бўлган кичик лотларда биржага қўйишни бошлади. Аввалроқ Антимонопол қўмита қайд этганидек, бу ҳолат кичик ва ўрта харидорларнинг имкониятларини чеклаб қўйган, чунки уларда катта ҳажмдаги ёқилғи сақлаш учун тегишли инфратузилма мавжуд эмас.

Натижада йирик лотларни нефть базаларининг ўзлари сотиб олган ва бензинни кичик лотларда, лекин оширилган нархда сотувга таклиф қилишган.

Аввалроқ, 2019 йилда нефтни қайта ишлаш заводлари бензиннинг 90 фоизини кичик партияларда (10 фоиз — йирик партияларда), 2020 йилда — 94 фоизини (6 фоиз йирик партияларда) сотувга қўйгани, бироқ 2021 йилда харидорлар фақат йирик лотларда бензин сотиб олишлари мумкинлиги хабар қилинганди. Натижада, харидорлар ўртасида нефт баъзаларининг улуши 50% дан 83% гача кўтарилди, бунинг натижасида «биржанинг нарх шаклланишидаги роли пасайди».

Кичик партиялар қайтарилгач, уч кун ичида харидорлар сони сезиларли даражада ошди — 32 тадан 119 тагача. Хусусан, агар ҳафта бошида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи 11 корхонага 60 тоннадан йирик лотда бензин сотган бўлса, пайшанба куни харидорлар сони 66 тага етди, шулардан 47 таси ёқилғини 1 тонналик лотларда сотиб олган.

16 ноябрь куни Монополияга қарши қўмита раиси ўринбосари Фаррух Қорабоев бензин нархининг ошиши сабабларини санаб ўтди ва нархларни барқарорлаштириш бўйича қандай чоралар кўрилаётганини айтган эди. Жумладан, биржага сотиладиган бензиннинг минимал ҳажмини ошириш, Аи-80 маркали бензинни кичик 1 тоннагача бўлган лотларда сотиш ва бошқалар бўйича чора-тадбирлар эълон қилинганди. У ишчи гуруҳ томонидан кўрилган тезкор чора-тадбирлар 10 кун ичида ички бозорда нархларнинг барқарорлашишига ўз таъсирини кўрсатишига умид билдирган.

Антимонопол қўмита ҳам биржада бензинни айирбошлаш операцияларида «манипуляция ҳаракатлари» мавжудлигини тасдиқлади ва чора кўришга ваъда берди.