Бугунги кунда Россиядаги меҳнат мигрантларининг ўртача ойлик даромади 47,1 минг рублни ташкил этади. Рус тилини билиш даражасига қараб, иш ҳақи 12 минг рублгача фарқ қилиши мумкин. Бу ҳақда Россия мигрантлар федерацияси (РМФ) президенти Вадим Коженов НСН матбуот марказида маълум қилди.

Коженовнинг сўзларига кўра, йил давомида ФМР Москва давлат университети билан биргаликда меҳнат мигрантлари ўртасида сўров ўтказди. Сўровда Марказий Осиёнинг учта давлати, жумладан, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистондан борган жами 4739 нафар меҳнат мигрантлари иштирок этганлиги айтилмоқда.

Сўров натижаларининг тасдиқлашича, мамлакат миқёсида мигрантларнинг ўртача маоши 47,1 минг рублни (6,9 млн сўм, Марказий банкнинг 14 декабрь учун курси бўйича 1 рубль = 147,43 сўм) ташкил қилади. Шунингдек, мигрантларнинг кўпчилиги ўртача 77 минг рубль (11,4 млн сўм) атрофидаги ойлик даромадга эга бўлиш истагида эканликларини билдирган.

Бундан ташқари, рус тилини билиш даражасига кўра иш ҳақларида фарқлар мавжуд бўлиб, рус тилини яхши биладиганлар кўпроқ — ойига ўртача 49 минг рубль (7,2 млн сўм), рус тилини яхши билмайдиганлар — ойига ўртача 37 минг рубль (5,5 млн сўм) ишлаб топади.

Қайд этилишича, меҳнат мигрантлари энг кўп фаолият юритадиган тармоқлар орасида қурилиш (ойига ўртача 54 минг рубль) ҳамда транспорт-логистика (ойига ўртача 52 минг рубль) тармоқлари энг даромадли деб топилган. Энг кам иш ҳақи эса қишлоқ хўжалиги ва маиший хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлган мигрантларга тўланади (ойига ўртача 36−41 минг рублгача).

Меҳнат мигрантларининг Россияга келиш сабаблари ўрганилганида, 57 фоиз респондентлар ўз мамлакатида иш ҳақи даражасининг пастлигини, 30 фоизга яқини иш ўринларининг йўқлигини, 18 фоизи эса турмуш даражасининг пастлигини қайд этган.

Коженовнинг таъкидлашича, Россияда меҳнат мигрантлари аксарият ҳолларда (35 фоиз) тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятининг йўқлиги, шунингдек, турар жой топиш ҳамда турли давлат органларида дуч келинадиган коррупция билан боғлиқ муаммолардан азият чекишлари аниқланган.

Маълум қилинишича, мамлакатда 3 йилгача бўлган вақтдан бери меҳнат фаолиятини амалга ошираётган мигрантларнинг 30 фоизи Россияда қолишни истайди. 5 йилдан ортиқ вақт давомида ишлаб келаётганларнинг 57 фоизи эса Россияда бутунлай қолишни хоҳлашади.

Олдинроқ 2021 йилнинг 9 ойи давомида 3 млндан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари Россияга ишлаш учун борганлари маълум қилинган эди.