2021 йилнинг 9 ойида Россияга ишлаш мақсадида келган хорижликлар орасида Ўзбекистон фуқаролари сон жиҳатдан биринчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда RT Россия ИИВ матбуот хизматига (жадвал) таяниб хабар қилди.

Қайд этилишича, биринчи тўққиз ой давомида Ўзбекистондан Россияга 3 млн нафардан зиёд киши келган. Улардан 3 млн 54 минг 180 нафари Россияда ишлаш учун келганлиги айтилмоқда.

Ушбу давр мобайнида Россияга ишлаш учун келган меҳнат мигрантлари орасида иккинчи ўринни тожикистонликлар эгаллади. Январь-сентябрь ойларида Россияга қарийб 1,6 млн Тожикистон фуқароси ишлаш учун келган. Шунингдек, Қирғизистондан 623 мингдан ортиқ, Арманистондан қайриб 300 минг ва Озарбайжондан 200 минга яқин кишилар мамлакатга ишга жойлашиш мақсадида келишган.

Шунингдек, РФга келган сайёҳларнинг катта қисми Беларусдан — 30,5 минг киши келган бўлса, Германия 16,4 минг киши билан иккинчи, Украина 15,3 минг киши билан учинчи поғонани банд этди.

Тожикистон ва Ўзбекистондан яна 60 минг нафардан фуқаро Россияга таълим олиш учун келган. Қоғозистондан Россияга ўқиш учун 55 минг, Туркманистон ва Мисрдан эса 30 минг нафардан кўпроқ талаба келган.

Бундан ташқари, ушбу давр мобайнида Россияга бизнес-ҳамкорлик мақсадларида энг кўп Хитой (11,2 минг), Ўзбекистон (10,4 минг), Германия (10,3 минг), Белоруссия (10,2 минг) ва Қозоғистон (9889) фуқаролари ташриф буюрган.

Шу йилнинг май ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан ҳозирда 1,7 миллион ўзбекистонликлар чет элда меҳнат қилишини ва улар асосан Россия ва Қозоғистонда ишлашлари маълум қилинганди.