Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Асака тумани ҳокими аҳоли билан номақбул тарзда суҳбатлашгани акс этган видео тарқалди. Туман ҳокимлиги ушбу ҳолат юзасидан изоҳ берди.

«Асака тумани ҳокимининг халқ билан мулоқотдаги жараёни акс этган видеоси тарқалди. Бир қарашда ҳоким ўрнидаги шахс, ҳокимлик лавозими берган кучдан кеккайиб, ўзини мутлақ 'монарх'дек тутган бўлиб кўринди», — дея таъкидлади Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ўз каналида.

Маълум бўлишича, ушбу видеолар «Қадрият» маҳалласида жойлашган кўп қаватли уйларда куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида кўп қаватли уйларда аҳоли билан учрашув жараёнидан олинган.

Жараён онлайн тарзда туман ҳокимлигининг расмий Telegram каналида бериб борилган ва муҳокамаларга сабаб бўлган видео эътиборсизлик туфайли жойланган. Бўлиб ўтган ҳолат юзасидан масъул ходимларга нисбатан тушунтириш ишлари олиб борилган ва белгиланган тартибда чора кўрилган, дейилади ҳокимлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 19 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Асака туман ИИБ бошлиғига тегишли деб айтилаётган аудиоёзув тарқалган эди. Андижон вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан мазкур аудиоёзувда акс этган ҳолатлар юзасидан хизмат текшируви тайинланган. Текширув натижаси бўйича қўшимча ахборот берилиши маълум қилинди.