Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган махсус операция натижасида интернет орқали синтетик наркотик моддалар савдоси билан шуғулланувчи уюшган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди, дея хабар берди ДХХ матбуот хизмати.

Қайд этилишича, гуруҳ аъзолари Тошкент шаҳрида 3 та хонадонни ижарага олиб, «мефедрон» синтетик наркотик моддасини яширин лаборатория шароитида ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.


Ушбу хонадонларда умумий миқдорда 892 гр мефедрон, 45 гр альфа-ПВП (синтетик психостимулятор) синтетик наркотик моддалари, хом-ашё сифатида фойдаланиладиган 360 литрдан ортиқ заҳарли кимёвий моддалар ва прекурсорлар ҳамда зарур асбоб-ускуналар, ҳимоя воситалари борлиги аниқланган.

Шунингдек, гуруҳ аъзолари томонидан яшириб қўйилган 898 гр мефедрон моддаси, 15 литр ва 12 кг миқдорида турли хил кимёвий моддалар ҳамда 8 литр бромкетон (реактив) олиб қўйилган.


Бундан ташқари, наркотик воситаларининг савдоси орқали топилган 113 770 АҚШ доллари кўринишидаги биткоин криптовалютаси мусодара қилинган.

Таъкидланишича, гуруҳ аъзолари 1992−2000 йиллар оралиғида туғилган шахслар бўлиб, уларнинг 3 нафари Тошкент шаҳридаги ҳамда хориждаги нуфузли олий ўқув юртлари талабалари ҳисобланади.


Қайд этилишича, синтетик гиёҳванд моддаларни Ўзбекистонга хорижий давлатлардан олиб келиниши ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.

Хусусан, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1996 й.т., муқаддам судланган шахс юк автомашинасида чет элдан келтирилган электросамокат ичига яшириб қўйилган 1 кг 994 гр мефедрон ва 499 гр спайс моддаларини ҳамда 6 дона гашиш мойи капсуласини қабул қилиб олган вақтида қўлга олинган.


Бундан ташқари, 1984 й.т. фуқаро ҳам хориждан юк автомашинасида олиб келинган электросамокат ичига яшириб қўйилган 500 гр «героин», 947 гр «гашиш», 500 дона LSD номли синтетик наркотик модда ҳамда 60 дона гашиш мойи капсуласини қабул қилиб олган вақтида ушланган.


Аниқланишича, мазкур шахслар Тошкент шаҳрида интернет тармоғи орқали наркотик моддаларни сотиш билан шуғулланувчи жиноий гуруҳнинг фаол аъзолари ҳисобланади.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.