Ўзбекистон энергетика соҳасида эълон қилинган лойиҳалар бўйича марказий Осиё давлатлари орасида етакчига айланди. Бу ҳақда Евроосиё тараққиёт банки (ЕОТБ) ҳисоботида маълум қилинди.

ЕОТБ маълумотларига кўра, инвестиция лойиҳаларининг умумий ҳажми 21,76 млрд долларга баҳоланмоқда. Мамлакатнинг етакчи мавқега эга бўлишида қиймати 11 млрд долларлик атом электр станциясини қуриш бўйича эълон қилинган лойиҳа алоҳида ўрин тутади.

Шунга қарамай, Ўзбекистон иссиқлик энергиясини ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича ҳам етакчи (6,89 млрд доллар) бўлиб, гидроэлектр станцияларини (2,55 млрд доллар) ривожлантириш бўйича фаол саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, кўп томонлама тараққиёт банклари Ўзбекистоннинг энергетика соҳасига 4,7 млрд доллар сармоя киритган, бу ҳам Марказий Осиёдаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. ЕОТБ ҳисоботига кўра, инвестицияларнинг 46,3 фоизи республика сув-энергетика комплекси (СЭК) ҳиссасига тўғри келади.

Ўзбекистонда АЭС

Ўзбекистонда 2019−2029 йилларда атом энергетикасини ривожлантириш концепциясига кўра, мамлакатда атом электр станциясини қуриш 2022 йилга мўлжалланган. Станция Ўзбекистон давлат бюджети ва Россия давлат кредити ҳисобидан қурилади.

Лойиҳа Жиззах вилоятида қуввати 1,2 ГВт/соат бўлган ВВEР-1200 типидаги босимли сув реакторларига эга атом электр станциясини қуришни назарда тутади. Уни қуришда Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси иштирок этади.

«Ўзатом» бош директори станциянинг биринчи энергия блокини 2028 йил декабрда, иккинчи блокини эса 2030 йил июнь ойида ишга тушириш режалаштирилганини таъкидлаганди.

2019 йил октабрь ойида «Росатом» бош директори Алексей Лихачев корпорация Ўзбекистонда атом электр станциясини қуриш бўйича асосий шартномани 2019 йил охиригача имзолашини ва 2020 йил бошида станция қурилиш майдончасида қурилиш ишларини бошлашни режалаштираётганини маълум қилганди. Бироқ ҳозирча ҳужжат имзолангани ҳақида хабарлар келиб тушмаган.

Шу билан бирга, президент Шавкат Мирзиёевнинг 19 ноябрь куни Россияга бир кунлик ташрифи чоғида мамлакатлар ўртасида 18 та ҳужжат, жумладан, ҳукуматлар ўртасида ядровий ва биологик хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар имзоланди.

Ноябрь ойи бошида Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ҳозирда Ўзбекистонда атом электр станциясини қуриш масаласи лойиҳанинг иқтисодий мақсадга мувофиқлиги, яшил энергетикага сармоя киритиш бўйича кўплаб таклифларни ҳисобга олган ҳолда ҳам, унинг шаффофлиги нуқтаи назаридан ҳам кўриб чиқилаётганини айтди.

«Биз нафақат Ўзбекистон, балки мамлакатимиз билан чегарадош қўшни давлатлар жамоатчилигининг ҳам бу масалага муносабатини ўрганамиз», — деди Ташқи ишлар вазири.