Россиянинг «Росатом» корпорацияси 2020 йил бошидан Ўзбекистондаги атом электр станцияси қурилиш майдончасидаги ишларни йўлга қўйишни режалаштирмоқда, дея маълум қилди корпорация бош директори Алексей Лихачёв. У 3 сентябрь куни Ўзбекистон Фанлар Академияси ядро физикаси институти базасида «Москва муҳандислик-физика институти» Миллий ядро тадқиқотлари университетининг Тошкент филиали очилиш маросимида иштирок этди.

«Бизнинг асосий вазифамиз — ҳам молиялаштириш бўйича, ҳам лойиҳани амалга ошириш босқичлари бўйича шартнома ва асосий қўшма қарорларга эга бўлган ҳолда келгуси йил бошидан майдончага чиқишдан иборатдир», — деди Алексей Лихачёв лойиҳанинг амалга ошириш жараёни тўғрисидаги саволга жавоб берар экан.

«Росатом» раҳбари АЭС қурилиши тўғрисидаги битим имзоланган вақтдан буён томонлар бўлғуси станцияга оид муайян ҳужжатларда акс этиши лозим бўлган барча маълумотлар тайёрланганини ҳам хабар қилди.

«Йил охирига қадар биз шартномаларнинг юқори даражасига чиқишни режалаштирмоқдамиз. Молия вазирлиги билан кредит келишувлари доирасидаги молиявий масалалар бўйича мулоқотлар ҳам бошланди», — дея қўшимча қилди Алексей Лихачёв.

Жорий йил июни охирида «Атомстройэкспорт» («Росатом» таркибига киради) қурилиш бўйича муҳандислик-қидирув ишларининг иккинчи босқичига киришилди. Аввалроқ «Ўзатом» бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудов Россия ва Ўзбекистон 2019 йил охирига қадар АЭС қурилиши бўйича шартномани имзолаши мумкинлигини маълум қилган эди. Станция қурилишини Россия ҳукумати кредитини жалб этган ҳолда 2022 йилдан бошлаш режалаштирилмоқда.

Тошкентдаги «МИФИ» филиали Ўзбекистонда биринчи АЭС қурилиши лойиҳасини амалга ошириш доирасида Россия ва Ўзбекистон президентлари келишуви асосида ташкил этилди. 2019−2020 ўқув йилида дастлабки 100 нафар талабанинг қабули июль ойида якунига етди, бир ўринга танлов 6−7 кишини ташкил этди. Талабалар атом энергетикаси соҳасида тўртта муҳандислик-техник йўналиш бўйича таҳсил олади.