Халқ демократик партияси барча хотин-қизларга туғруқ ва туғиш бўйича давлат томонидан кафолатланган нафақа тўлашни жорий этиш бўйича ҳукуматга таклиф киритди. Бу ҳақда Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Улуғбек Вафоев муаллифлигида партия сайтида эълон қилинган мақолада айтилмоқда.

«Бугунги кунда бюджет ташкилотларида ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси давлат томонидан тўланмоқда. Нодавлат ташкилотларда бундай нафақа иш берувчилар томонидан тўланиши белгиланган. Аммо амалда аксарият иш берувчилар ходимлар, аёллар, оналар олдидаги бу мажбуриятни бажармаяпти», — деб ёзмоқда у.

Фракция фикрига кўра, бу нобюджет соҳадаги иш берувчилар томонидан аёлларни ишга қабул қилмасликка (айниқса, ҳомиладорлик даврида) ва аёлларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқининг чекланишига сабаб бўлмоқда. Ишламайдиган аёллар бу нафақани олмайдилар. «Бу ҳолат аҳолида саволлар туғдирмоқда», — қайд этди депутат.

«Барча аёллар учун ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа ходим давлат ёки нодавлат ташкилотда ишлашидан қатъи назар кафолатли равишда давлат томонидан тўланиши лозим. Буни амалга оширишнинг энг ишончли ва мақбул йўли — нафақанинг давлат томонидан тўланиши ҳисобланади. Партиямиз депутатлари ҳукуматга мана шу таклифни ҳам берди», — таъкидлади Улуғбек Вафоев.

Эслатиб ўтамиз, Халқаро меҳнат ташкилоти, ЮНИСEФ ва Жаҳон банкининг ўтган йили чоп этилган қўшма ҳисоботида иш берувчининг нафақани молиялаши халқаро амалиётга зид экани айтилган. Ҳужжатда бу ҳолат «ёш аёлларни расмий секторда иш билан таъминлашда потенциал тўхтатувчи омил мавжудлигидан далолат бериши, бу эса уларни иш ўринлари учун жиддий рақобат шароитида ноқулай аҳволга солиб қўйиши» ҳақида айтилган.

«Ўзбекистон Республикаси ҳукумати оналикни муҳофаза қилиш бўйича халқаро ҳужжатга (ILO, 2019a) қўшилганини инобатга олиб, оналик ва туғиш бўйича барча нафақаларни ижтимоий суғурта тизимига ўтказиш тавсия этилади», — тавсия этилмоқда ҳисоботда.

Аввалроқ ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг барча оилалар учун болалар нафақаси билан оилаларни қамраб олиш зарурлиги ҳақидаги мақола эълон қилинган. Унда болалар нафақалари фақат муҳтож деб топилган оилаларга тўланишида мамлакатнинг ёндашуви зиддиятлилиги ҳақида сўз юритилади.

«Болаларни қўллаб-қувватлаш хайрия ёки молиявий ёрдам эмас, балки мамлакат инсон капиталини ривожлантиришга зарур бўлган сармоядир. Болалар нафақалари оилаларга ўз фарзандларини янада тўйимли озиқ-овқат билан таъминлашга ёрдам беради «, — дейилади мақолада.