Ўзбекистонда табиий офатлар ҳар йили ўртача 1,4 миллион кишилар ҳаётига таъсир ўтказади. Натижада етказилган зарар йилига қарийб 3 млрд долларни ташкил этади. Бу ҳақда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Жаҳон банки ва Марказий Осиё минтақавий экологик маркази билан биргаликда ўтказган давра суҳбатида маълум қилинди.

Давра суҳбати иштирокчилари томонидан табиий офатлар хавфи таъсирини камайтириш ва юмшатиш ҳамда табиий офатлар келтириб чиқариши мумкин бўлган иқтисодий-молиявий зарарларнинг олдини олишга қаратилган давлат инвестициялари ва институционал ислоҳотларнинг комплекс дастури орқали табиий офатлар ва иқлим ўзгаришига чидамлиликни ошириш имкониятлари ва истиқболлари ўрганиб чиқилди.

Қайд этилишича, прогнозлар «иқлим ўзгариши натижасида табиий офатлар, айниқса қурғоқчилик, сув тошқинлари ва кўчкилар хавфи ортишини» кўрсатади. Ҳисоб-китобларга кўра, йирик сув тошқини мамлакат ЯИМнинг тахминан 5 фоизига зарар етказиши мумкин. Шунингдек, кучли қурғоқчилик ҳам худди шундай даражадаги иқтисодий таъсирга эга бўлиши таъкидланган.

«Ўзгидромет» прогнозларига кўра, мамлакатда иқлим ўзгаришлари қандай ривожланиши ва иқлим ўзгаришини юмшатиш мақсадида амалга оширилган ишларга боғлиқ ҳолда, келгуси асрда ҳарорат яна 1,5°C — 3 °C га кўтарилиши мумкин.

«Ўзбекистон ҳукумати гидрометеорологик хизматларни, хусусан, «Ўзгидромет»ни модернизация қилиш муҳимлигини қайд этди. Жаҳон банки ушбу узоқни кўзлаган ечимни қўллаб-қувватлайди ва «Ўзгидромет»га оптимал сифатли хизмат кўрсатишга ёрдам берадиган энг янги технологияларни жорий этишда ёрдам беришга тайёр», — дея маълум қилди Жаҳон банкининг табиий офатлар хавфини бошқариш бўйича катта мутахассиси Даниэл Кулл.

Маълумот учун, давра суҳбати 2021 йил августидан 2022 йил январигача Тошкентда онлайн ва офлайн режимда ўтказилаётган Ўзбекистонда «яшил» ўсиш ва иқлим ўзгариши бўйича ўн битта стратегик мулоқотлар туркуми доирасида ташкил этилган.

Мулоқотлар давомида Ўзбекистонда яшил иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш, хусусан, мамлакатни кам углеродли саноат ва иқтисодиётни қуришда қўллаб-қувватлаш, иқлим ўзгаришига қаршилик кўрсатиш, яшил молиялаштиришни сафарбар этиш бўйича кўрилиши лозим бўлган ва кўрилаётган чора-тадбирларни муҳокама қилиш кўзда тутилган.