Иқтисодчи, «Заметки экономиста» Telegram-канали муаллифи ва «Газета.uz» колумнисти Ботир Қобилов «Ular» лойиҳасига берган интервьюсида йилига 200 млн туп дарахт ва бута кўчатлари экилиши ҳақида фикр билдирди.

Иқтисодчининг таъкидлашича, «унда мазкур вазифанинг бажарилиши, ижросига озгина шубҳа бор».

«Қайсидир маънода дарахт экиш осон нарса. Лекин дарахтни чопмаслик биз учун қийин нарса экан. Иккинчидан, дарахтни экишни, менимча, биз ҳали ўрганмадик, билмадик. Сирдарёнинг бир туманида 800−900 та дарахт экишган экан, тезда қуриб қолган. Тошкентнинг ҳам қайсидир жойларида дарахт экилади, суғорилмайди ва сўлиб қолади», — деди Ботир Қобилов.

Унинг фикрича, дарахт экиш муаммони ечишнинг энг осон йўли, деб кўрилади.

«Лекин дарахт экиш жуда ҳам машаққатли иш. Уни суғориш керак, парвариш қилиш ва кесмаслик керак. Энг муҳими, экилган дарахтнинг „меваси“ 15−20 йил ичида келмайди… 10 млн тупнинг ўзи етарлидир», — деди иқтисодчи.

Ботир Қобилов ушбу масаланинг иккинчи тарафига ҳам тўхталиб ўтди.

«Мен асосан давлат экиш харажатларини қисқартириш тарафдориман. Қандай харажат бўлишидан қатъи назар, ўйлайманки, биз ҳозир жуда кўп пул ташлаяпмиз кераксиз жойларга. Хусусан, бу янгилик бўйича битта хавотирли нарса, 200 млн дарахт учун пул керак, албатта. Тушунишим бўйича бу пул бюджетдан ажратилади», — деди у.

Иқтисодчи аввал сўлиб қолган дарахтларни эслаб, бу пуллар ҳавога совурилишидан хавотирдалигини маълум қилди.

«Яъни пулларнинг самарали ишлатилмаслигига олиб келиш мумкин. Масалан, кўчат ва дарахт экишга пул ажратилади, улар кейин сўлиб қолиши мумкин ва охир-оқибатда бюджет харажати йўқолади ҳисоб. Чап қўл билан дарахт экаётган вақтда ўнг қўл билан дарахтни кесаётган бўлсак, бу нарсани тушуниш қийин. Албатта, дарахт экиш яхши нарса, лекин бизнинг шароитдан келиб чиққан ҳолда, энг қийин нарса — мавжуд бўлган дарахтни сақлаб қолиш экан. Шунингдек, дарахтнинг қайси турини экиш ҳам муҳим. Арчани санчиб қўйиш билан дарахт экиш бўлмайди», — деди Ботир Қобилов.

Эслатиб ўтамиз, ноябрь ойи аввалида Шавкат Мирзиёев «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига 200 млн туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режасини маълум қилган эди. 2 ноябрдан 10 декабргача бўлган муддат дарахт экиш бўйича «долзарб 40 кунлик» деб эълон қилинганди.

Августда президент топшириғига кўра, октябрь-ноябрь ойларида 55 млн дона, келгуси йил баҳор мавсумида 70 млн дона тут, павловния, мевали ва манзарали дарахтлар, шунингдек тез ўсувчи ва бошқа кўчатлар экилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, йил якунига қадар шаҳарлар ва туман марказларида 16 млн дона мевали ва манзарали дарахт ва бута кўчатлари экиш вазифаси қўйилган эди.

Шунингдек, президент ҳар бир ҳудудда «Яшил замин» жамғармалари ташкил этиш бўйича топшириқ бергани хабар қилинганди. Вилоят ҳокимларига октябрь-ноябрь ойларида жамғарма маблағлари ҳисобидан камида 5 млн туп мевали ва манзарали дарахт кўчатларини аҳолига бепул тарқатиш топшириғи берилди. Ҳар бир шаҳар ва туман марказида камида 2 тадан «яшил майдон» ва жамоат парклари ташкил этилиши айтилган.

Бундан ташқари, дарахтларни кесишга мораторий 2024 йилга қадар узайтирилиши ва жавобгарлик кескин кучайтирилиши белгиланган. Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида экология полицияси ташкил этилиши маълум қилинди.