22 ноябрь куни Тошкент шаҳрида «Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантирамиз» мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтди. Конференцияни бош вазир ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов очиб берди.

«29 июль куни БМТнинг Махсус резолюциясини амалга ошириш юзасидан Ўзбекистон президентининг қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжат асосида Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантиришнинг етти йўналиши белгиланди», — дейди у.

Вазирнинг сўзларига кўра, ушбу йўналишлар бўйича 2,4 трлн сўм эквивалентда 71 та тадбир, шунингдек 1,9 трлн сўмлик 65 та устувор инновацион лойиҳа амалга оширилмоқда.

Шунингдек Азиз Абдуҳакимов Қорақалпоғистон Респуликаси ва вилоятларда «яшил қопламалар» барпо этишга доир ишлар кетаётгани ҳақида ҳам айтиб ўтди.

«2021 йилда ушбу тадбирлар натижасида 560 минг гектар майдонда „яшил қопламалар“ ташкил этилиб, шундан 375 минг гектарида ўрмонзор барпо этилади. Қорақалпоғистондаги ўрмон фонди ерлари ва Орол денгизининг суви қуриган ҳудудларида, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларидаги Оролбўйи ҳудудларида 172 минг гектар ҳамда бошқа ҳудудлардаги ўрмон фондининг тоғ, водий ва тўқай ерларида 13 минг гектар майдонга дарахтлар экиш ишлари ташкил этилмоқда», — дейди туризм ва спорт вазири.

У «Ўзбекистонда яшил иқтисодиётга ўтиш бўйича комплекс стратегия доирасида, жумладан, 2021 йилда 200 млн туп кўчат экилишини» таъкидлаб ўтди.

Шавкат Мирзиёев Оролбўйи минтақасига экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди мақомини бериш ташаббусини биринчи маротаба 2018 йил август ойида Оролни қутқариш бўйича Халқаро жамғарма таъсисчи-давлатлари йиғилишида эълон қилган эди. Президент ушбу қарор минтақа давлатларининг умумий ҳаракатлари билан экологик тоза, энергия ва сувни тежовчи технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий қилишга инвестицияларни жалб қилиш, «яшил иқтисодиёт» тамойилларини мажмуавий қўллаш, чўллашув ва экологик миграция жараёнларининг олдини олиш, экотуризмни ривожлантириш ва бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратишга ёрдам беришини таъкидлаган эди.

2019 йил октябрь ойида Нукусда (Қорақалпоғистон) «Оролбўйи — экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди» мавзусидаги юқори даражадаги халқаро анжуман бўлиб ўтди. Ушбу анжуманда Ўзбекистон ҳукумати ва БМТ махсус резолюция лойиҳаси бўйича келишувга эришишди.

Май ойида БМТ Бош ассамблеяси Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюцияни қабул қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, ноябрь ойи аввалида Шавкат Мирзиёев «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига 200 млн туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режасини маълум қилган эди. 2 ноябрдан 10 декабргача бўлган муддат дарахт экиш бўйича «долзарб 40 кунлик» деб эълон қилинганди.

Иқтисодчи Ботир Қобилов йилига 200 млн туп дарахт экилиши ташаббуси ҳақида фикр билдириб, мазкур вазифанинг ижроси бўйича озгина шубҳаси борлигини таъкидлаган эди. «Энг муҳими, экилган дарахтнинг „меваси“ 15−20 йил ичида келмайди. Балки 200 млн туп эмас, 10 млн тупнинг ўзи етарлидир», — деган эди у.