18 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессияси ялпи мажлисида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев таклифига биноан Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюция бир овоздан қабул қилинди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Дунёнинг турли минтақаларидаги 60 га яқин давлатлар мазкур резолюцияга ҳаммуаллиф сифатида иштирок этди. Унда Бош ассамблея Оролбўйи минтақасидаги экологик, ижтимоий, иқтисодий ва демографик вазиятни яхшилашга қаратилган минтақавий тадбирлар ва ташаббусларни қўллаб-қувватлашини эълон қилди.

Ҳужжатда бундан буён ҳам Оролбўйи минтақаси табиатини тиклаш ва яхшилаш, табиий ресурсларни сақлаш ва аҳоли ҳаёт сифатини ошириш манфаатлари йўлидаги илмий-тадқиқот маслаҳатлашув фаолияти рағбатлантирилиши қайд этилган.

Резолюцияда Орол денгизи инқирози оқибатларини бартараф этиш ва Оролбўйи минтақасидаги экологик вазиятни барқарорлаштириш бўйича қўшма чора-тадбирларни амалга оширишда минтақавий ҳамкорликни фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланган.

Бош ассамблея барча манфаатдор томонларни қўшма фанлараро тадқиқотлар ўтказишга, экологик тоза технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этишга, инклюзив ва экологик барқарор иқтисодий ўсишга ҳамда энергия ва сувни тежовчи технологияларни қўллашга туртки беришга чақиради.

Ҳужжатда Ўзбекистон президенти ҳузурида Оролбўйи халқаро инновация марказининг ташкил этилгани ҳамда БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун кўпшериклик Траст фондини таъсис этилгани БМТ томонидан қўллаб-қувватланиши қайд этилади.

Оролбўйи Бош Ассамблея томонидан «Экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди» сингари юқори мақом тақдим этилган илк минтақа бўлди, дейилади ТИВ хабарида. Ҳужжат минтақавий устуворлик, интеграция ва барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш бўйича БМТ тизимидаги ихтисослашган агентликлар, жамғармалар ва дастурларнинг амалий ҳаракатларини ҳамда лойиҳаларини умумлаштириш ва улар ўртасидаги мувофиқлашувни таъминлашга хизмат қилади.

Шавкат Мирзиёев Оролбўйи минтақасига экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди мақомини бериш ташаббусини биринчи маротаба 2018 йил август ойида Оролни қутқариш бўйича Халқаро жамғарма таъсисчи-давлатлари йиғилишида эълон қилган эди. Президент ушбу қарор минтақа давлатларининг умумий ҳаракатлари билан экологик тоза, энергия ва сувни тежовчи технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий қилишга инвестицияларни жалб қилиш, «яшил иқтисодиёт» тамойилларини мажмуавий қўллаш, чўллашув ва экологик миграция жараёнларининг олдини олиш, экотуризмни ривожлантириш ва бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратишга ёрдам беришини таъкидлаган эди.

2019 йил октябрь ойида Нукусда (Қорақалпоғистон) «Оролбўйи — экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди» мавзусидаги юқори даражадаги халқаро анжуман бўлиб ўтди. Ушбу анжуманда Ўзбекистон ҳукумати ва БМТ махсус резолюция лойиҳаси бўйича келишувга эришишди.