«Самарқанд» халқаро аэропортида янги аэродром комплекси ва янги аэронавигация ускуналарини фойдаланишга тайёрлаш билан боғлиқ ишлар давом эттирилмоқда. Шу муносабат билан аэропортнинг ёпилиши жорий йилнинг 15 декабрига қадар узайтирилади, дея хабар бермоқда Uzbekistan Airports компанияси матбуот хизмати.

Барча авиарейслар республиканинг бошқа халқаро аэропортларига — «Навоий», «Бухоро», «Қарши» аэропортларига йўналтирилади.

Эслатиб ўтамиз, аввлроқ 20 октябрдан 20 ноябргача «Самарқанд» халқаро аэропортида янги аэродром мажмуасини ишга туширишга тайёргарлик кўриш муносабати билан парвозларни вақтинча тўхтатиши ҳақида хабар берилганди. Янги аэродром мажмуаси қурилиши 2022 йилда Самарқандда бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитига тайёргарлик кўриш ишлари доирасида олиб борилмоқда.